Малайзия музейидаги Ўзбекистон чавандозлигига оид буюмлар

Малайзиядаги Ислом санъати музейида учта от анжоми – хуржун (эгар халтаси), юган ва жабдуқ сингари чавандозлик ашёлари сақланади. Бу буюмлар якка ҳолда аста-секин, 2000 йилдан то 2005 йилгача бўлган даврда, каттароқ хариднинг бир қисми сифатида сотиб олинган. Уларнинг айримлари Самарқанд ва Бухородан келтирилгани аниқланган. Умуман олганда, улар қисман ўзбек халқининг ХIХ асрдаги чавандозлик маданиятини акс эттиради.

Хуржун тукли газлама тўқиш техникаси ёрдамида тўқилган, тук қирқилган. У ўзаро уланган иккита тўрва халтадан иборат. Тўрвалар оғзига, эҳтимол, уларни ёпиш имконига эга бўлиш учун тасма тикилган. Хуржуннинг юза қисмлари ҳандасавий нақш (илгакли ромблар) билан безатилган. Асоси – пахта, паҳмоқ – жун бўлиб, қизил, тўқ сариқ, тўқ кўк, оқ, яшил ва жигаррангга бўялган. Астари целлюлоза толали йўл-йўл матодан (эҳтимол канопдан) иборат. Маълумки, бундай турдаги жунли маҳсулотларни маҳаллий гиламдўзлар тўқиган.

Юган “Лақай ва қўнғиротларга оид ярим кўчманчи қабилаларнинг каштачилик санъати” бўлимида тасвирланган нақшли буюмларни эслатувчи, аммо қўй ва эчки жунидан тўқилган энсиз панелллардан йиғилган. От лўнжидаги ва қаншари бўйлаб тўқилган қўшимча матолар кўплаб илгаклар билан В шаклидаги нақш кўринишида безатилган. Қаншар ва чакка қисми тўқ қизил рангдаги бахмалдан қилинган. Бу қисмлар каури чиғаноқлари, феруза мунчоқлар ва осма шокилалар билан безатилган.

Жабдуқ – одатда эгар остидан жой олувчи безакли маҳсулот. У дастгоҳда тўқилган бахмал матоси ва ишлов берилган чармдан тайёрланган. У-симон қуйи қисмига турли рангдаги иплар билан кўплаб гуллар ва бир жуфт қуш тасвири кашта қилиб тикилган. Бу нақшлар сўзана кашталарини эслатади. Жабдуқнинг пастки чети ипак шокила билан безатилган. Бу мавзу бўйича муҳокамалар кўп эмас, чунки улар бугунги тўпламларда кўп учрамайди. Шунга қарамай, мураккаб безак ва бахмалдан асос сифатида фойдаланиш ушбу буюмнинг қимматбаҳо жиҳозлар сирасига киришидан дарак беради.

Отлар азалдан қабила жамоалари ҳаётида муҳим ўрин тутган. Улар тезлиги ва чидамлилиги учун қадрланган, уруш пайтларида эса суворийлар ҳаракатчанлигини оширишда афзал кўрилган. Шунингдек, отлар ҳаракатланиш воситаси сифатида тенгсиз бўлган, улардан спорт ўйинларида, ҳатто маросим ва маъракаларнинг муҳим таркибий қисми сифатида фойдаланилган. Отлар ўз аҳамиятига кўра эгаларининг кўз олдида ҳашаматли бўлмаса ҳам, мақомига муносиб анжомларни олишган.