“Марказий Осиёнинг унутилган тадқиқотчиси” – Леон Баршчевский

ХIХ асрдаги Бухоро амирлигининг географияси, геологияси, этнографияси ҳамда антропологияси ҳақидаги энг қимматли ва ноёб маълумот манбаларидан бири бу – Леон Баршчевский (1849-1910) қолдирган фотосуратлар ва бошқа ҳужжатли материаллардир.

Поляк миллатига мансуб Баршчевский 1849 йил ўша пайтда Россия империяси таркибида бўлган Варшавада туғилган. Ота-онасининг бевақт ўлимидан сўнг уни Украинадаги бир оила асраб олади, кейинроқ эса Киевдаги Владимир ҳарбий мактабига ўқишга юборилади. Ҳарбий ўқув юртиларини тамомлаб, бутун фаолияти давомида чор империяси армиясига хизмат қилади ва полковник даражасига етади. 1876 йилда у ўз хоҳишига биноан Самарқандда жойлашган топографик батальонга кўчирилади ва шу ерда 1897 йилгача қолади.

Баршчевский Самарқанддан собиқ Бухоро амирлиги, Туркистон ва Бадахшон хонликлари, Дарвоз ҳудудлари бўйлаб йигирмадан ортиқ экспедицияларни олиб борди.

Маҳаллий амалдорларни суратга олди

Баршчевский ўз экспедициялари давомида камерасидан ҳеч қачон ажралмаган ва унинг объективини тез-тез одамларнинг чеҳралари ҳамда ёрқин либосларига тўғрилаган. Шу тарзда у ижтимоий мавқеини таъкидлаб турувчи қимматбаҳо кийимлар кийган ҳукмдорлар ва маҳаллий амалдорларни суратларга муҳрлаган.

Бу фотосуратлар у дуч келган кўпмиллатли жамоаларнинг тўлиқ ижтимоий кўламини намоён қилади. Картиналар жуда оддий кийимлардан тортиб қимматбаҳо парча матоси ва ипак бахмалдан тикилган, кашта, зар ип ёки рангли Бухоро каштаси билан безатилган ҳашаматли чопонларгача ўша даврдаги турли ижтимоий гуруҳлар кийган либослар ҳақида маълумот беради. Баршчевский юқори мансаб эгалари бўлган амалдорларни миллий бош кийимлари – турли матодан ясалган кўпқаватли саллаларида суратга олган. Унинг фотосуратларида анчагина машҳур йўл-йўл мато – беқасамдан, шунингдек, қўй шохи, доира гул, бодом, анор сингари ўсимликлар ва зооморфик мотивлар асосидаги ипак ҳамда пахтадан тикилган эркаклар кийимлари учрайди.

Леон Баршчевский ўзи ташриф буюрган ҳудудларнинг кундалик ҳаёти ва меъморчилиги, манзараларини, кўплаб шахслар, жумладан, аёлларнинг ноёб тасвирларини ҳам фотосуратларида акс эттирди.

Фотографиядан музликлар, этнография ва археологиягача

Баршчевскийни бежиз поляк репортаж фотографиясининг кашшофи (янгилик яратувчиси) деб айтишмайди. Унинг суратларида Самарқанд ва Яккабоғ каби шаҳарлар мадраса, масжидлар ва бозорлар сингари меъморчилик намуналари билан бирга тасвирланган. У манзарали тоғ қишлоқларини тепаликлар ёнбағридаги уйлари билан, шунингдек, Ҳисор қалъасини суратларга абадий муҳрлади.

Баршчевский этнографик ва археологик тадқиқотларни ҳам олиб бориб, ўсимлик ҳамда ҳайвонлар, ҳашаротлар ва минераллар нусхаларини ҳам тўплаган. У қадимий Самарқанднинг юраги бўлган шаҳар – Афросиёбда археологик тадқиқотлар олиб борган илк тадқиқотчилардан бири эди.

Самарқандда 20 йил яшади

Леон Баршчевский Самарқандда 20 йил яшади. У бу ерда Ирена Неджвескаяга уйланди ва аёли билан беш фарзандни вояга етказди.

1995 йилда Варшавадаги Осиё ва Тинч океани музейида “Леон Баршчевский – Марказий Осиёнинг унутилган тадқиқотчиси” номли кўргазма ташкил қилинган.

Унинг илгари Бухоро амирлиги ва Туркистон дея аталган мамлакат одамлари, ўсимликлари ҳамда ҳайвонот олами ҳақидаги қайдлари бугун Марказий Осиё тарихини ўрганувчи мутахассислар учун ажойиб манба ҳисобланади.