Ҳиндистонда Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ва «Eriell» компанияси ҳомийлигида Ўзбекистоннинг ушбу мамлакатдаги элчихонаси томонидан ташкил этилган медиа-тадбир доирасида икки мамлакат ўртасидаги маданий ва маърифий алоқаларга бағишланган қатор тадбирлар бўлиб ўтди.
2018 йил 25 сентябрь куни Ҳиндистон миллий музейида «Ўзбекистон — Ҳиндистон: маданиятлар мулоқоти» кўргазмаси очилди, бу маҳаллий жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди.
Кўргазманинг очилиш маросимида давлатимиз раҳбари раҳнамолигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, кўплаб соҳаларда, жумладан, маданий-гуманитар соҳада самарали ҳамкорлик қилиш учун яратилаётган шарт-шароитларга бағишланган ҳужжатли фильм намойиш этилди.
— Ўзбекистонлик ҳамкорларимиз билан биргаликда янги лойиҳалар устида ишламоқдамиз, — деди Ҳиндистон миллий музейи тадқиқотчиси Катибур Раҳмон. — Ушбу кўргазмани ташкил қилганимиздан хурсандмиз. Унинг экспозицияси музейимизда сақланаётан ўзбек давлатчилиги тарихи, халқингизнинг бой маданий мероси билан боғлиқ экспонатлар, Худо-Бахш ва Рампур Разо кутубхоналаридаги ноёб асл қўлёзмалар ҳамда Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси томонидан «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» лойиҳаси доирасида нашр этилган бир қатор китоблардан иборат.
Мамлакатимизнинг Ҳиндистондаги элчихонасида ўтган расмий қабул маросимида икки томонлама маданий ва маърифий алоқаларни ривожлантириш истиқболлари ҳақида гап борди. Икки мамлакат расмий ва академик доиралари вакиллари музейларда сақланаётган ҳамда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги ҳамкорликка оид ноёб ҳужжатларни биргаликда ўрганиш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
— Кутубхонамизда ўзбек халқининг маданий меросига оид 200 дан ортиқ қўлёзма мавжуд, — дейди Худо-Бахш кутубхонаси директори вазифасини бажарувчи Роберт Чонгту, — Ўзбекистон Президентининг ташрифи арафасида ушбу асарлар каталогини нашр қилдик.
«Бизнинг кутубхонамиз фахри бўлган Бобур Девони нодир қўлёзмалардан ҳисобланади», — дейди Рампур Разо кутубхонаси директори, профессор Сайид Ҳасан Аббос. — Уларнинг ҳинд маданияти учун аҳамияти шундаки, бу қўлёзмаларда ҳинд тилидаги сўзлар ишлатилган. Қўлёзмаларда сиз Бобурнинг шахсан таҳрир қилган тузатишларини кўришингиз мумкин. Уларнинг ҳақиқийлигини унинг авлодларидан бири — Жаҳонгир ҳам тасдиқлаган. Кутубхонамиз ходимлари тарихий қўлёзмалар ва ўзбек халқи маданияти билан боғлиқ ҳужжатларни ўрганиш бўйича ҳамкорликдаги ишларни фаоллаштиришга тайёр.
«Маданий мерос — Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги мулоқот кўприги» мавзусидаги илмий семинарда икки мамлакатнинг таниқли олимлари ҳамкорлик мазмуни, янги лойиҳаларни амалга ошириш ва илмий-маърифий алмашинувни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар.
— «Ўзбекистон обидаларидаги битиклар», «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» туркумидаги альбомлар ва бошқа китоблар «Ўзбекистоннинг маданий мероси — халқлар ва давлатлар ўртасидаги мулоқотга йўл» лойиҳаси доирасида нашр этилди, — дейди Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов. — Биз ҳиндистонлик ҳамкорларимиз билан янги нашрларни тайёрлашга, ушбу жараёнга икки мамлакат олимлари ва мутахассисларини жалб қилишга келишиб олдик. Медиа тадбирлари Деҳлидаги Жамия Миллия ва Жавоҳарлаъл Неру университетларида Ҳиндистон Ислом маданияти маркази томонидан ўтказилди.