«Буюк ипак йўли мероси — Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги кўприк» мавзусидаги медиа-форум. Берлин, Германия

2019 йил 15 январь куни Берлинда «Буюк ипак йўли мероси — Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги кўприк» мавзусида Халқаро илмий-маданий форум бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Германия Федератив Республикасига расмий ташрифига тўғри келди.

Форум доирасида Берлиндаги Ўзбекистон элчихонасида «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» лойиҳаси доирасида китоб-альбомлар кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

«Ўзбекистон Республикаси Президенти сўзбошиси билан чоп этилган Германия Федератив Республикаси тўпламлари» расмли китоб-альбомининг тақдимоти форумнинг энг асосий мавзуси бўлди. Айнан ушбу китоб-альбом Ўзбекистон матбаатчилиги тарихига замонавий мультимедиа технологияларидан фойдаланган ҳолда биринчи босиб чиқарилган қитоб бўлиб муҳрланади, уни фақатгина ўқиш эмас, балки ундаги маълумотларни смартфон ёрдамида алоҳида саҳифаларини, шу жумладан 3D эффектлар билан кўришлари ҳам мумкин.

Берлиндаги етакчи немис санъатшунослари Берлин, Дрезден, Лейпциг ва Штутгартдаги музейларда сақланаётган буюк ўзбек санъатининг тарихий тўпламлари ҳақида сўзлаб беришди. 

Немис музейларидаги ўзбек тўпламлари ҳақида гап кетганда, Шарқ уйғониш даврида яратилган қўлёзмалар беқиёс аҳамиятга эга эканлигини алоҳида таъкидлаш керак. Китоб санъатининг энг яхши асарлари Берлин Давлат кутубхонасида сақланади. Кутубхонанинг Шарқ бўлими мудири, доктор Кристофер Раух улар ҳақида сўзлаб берди:

— Бу ерда тақдим этилган қўлёзмаларнинг бир қисми ўзбек алломалари яшаб, ижод қилган ҳудудлардан, баъзилари эса тўғридан-тўғри Ўзбекистондан келтирилган. Бу XIX асрдан бери мазкур кутубхонада сақланиб келаётган Улуғбекнинг астрономик жадвалларидир. Ушбу асарда 38 та юлдуз туркумидаги (бурж) 1018 та юлдуз ҳақида маълумот берилган ва юлдуз йилининг узунлиги ҳам кўрсатилган. 

—Бизда ўзбек санъати тўплами борлигидан ғурурланамиз, — дейди Пергам музейи таркибига кирувчи Ислом санъати музейи директори ўринбосари доктор Уте Франке. —Унинг салмоғи унчалик улкан бўлмаса-да, ҳеч шубҳасиз бебаҳо тарихий ва бадиий аҳамиятга эга.

Медиа-форум доирасида «Ўзбекистон — Буюк ипак йўлининг юраги» мавзусида тантанали кеча бўлиб ўтди. 150 нафар иштирокчи ва меҳмонлар, жумладан сиёсатчилар, олимлар, немис оммавий ахборот воситалари ходимлари учун маданият ва санъат соҳасида Ўзбекистон-Германия ҳамкорлиги натижаларининг тақдимоти ўтказилди.

Берлиндаги медиа-тадбирнинг якуний босқичи ўлароқ ташкил этилган миллий услубдаги кечки қабул маросимида эса меҳмонларга ўзбек ошхонасининг энг сара таомлари тақдим этилди. Ўзбекистонлик санъаткорларнинг ёрқин чиқишлари кечага файз бағишлади.