ХV аср охири — ХVI аср бошларида Ҳиротда кўчирилган миниатюрали куллиётда «Ҳамса»нинг 4 достони келади: "Ҳайрат ул-аброр", "Фарҳод ва Ширин", "Лайли ва Мажнун" ва "Сабъаи сайёр".
"Сабаъйи сайёр"га ишланган суратларда "темурийлар мероси" сезилиб туради, яъни ХV аср охиридаги Ҳирот аҳолисининг кийимлари ва Баҳром Гўр 7 тунни ўтказадиган турли рангли саройларнинг тасвири анъанавий композицияга эга.
"Баҳром Гўр тахтда, унга Дилоромнинг суратини бераётган мусаввир Моний билан суҳбатлашмоқда"
Ов пайтида шоҳ Гўр бир йўловчини кўриб қолади, уни ўзи билан овқатланисга таклиф этади ва ўзининг кимлигини билдирмай, гап бошлайди. Ўзини мусаввир Моний деб таништирган йўловчи Баҳром Гўрни излаётганини айтади. Излаётган одами қаршисида ўтирганини билгач, Моний узоқлардаги Хитой салтанатида яшовчи жудаям бой бир одам ўзининг ҳуснда тенги йўқ қўшиқ айтувчи канизаги Дилоромни сотмоқчи эканини, аммо бунинг учун жуда катта пул сўраётганини сўзлаб беради:
Анга ҳар кимнинг эҳтиёжидур,
Байъи онинг Хито хирожидур.
Моний бундай пулни фақат шоҳ тўлай олишини тушунади ва Дилоромнинг суратини чизиб, шоҳ Баҳромни излаб кетади. Мусаввирнинг ўйи тўғри бўлиб чиқади: Баҳром суратга бир қарагандаёқ соҳибжамолни севиб қолади ва уни сотиб олиш учун Хитойга элчи жўнатади. Дилоромга эришган шоҳ ундан сира айрилмас, бутун вақтини шикор ва зиёфатларда ўтказарди. Бир куни Дилоромдан жаҳли чиққан шоҳ унинг оёқ-қўлини боғлаб, чўлга ташлаб кетишни буюради. Кайфи тарқагач, Баҳроминиг эси жойига келиб, Дилоромни топиб келишни буюради, аммо у ғойиб бўлганди.
Шоҳ қайғудан эсдан айрилади, аъёнлари эса унинг эс-хушини жойига қайтариш учун дунёнинг 7 томони, 7 сайёра ва ҳафтанинг 7 кунига монанд қилиб 7 та сарой қуришади. Дунёнинг 7 қисмидаги ҳукмдорлар ўз қизини шоҳга хотинликка беришади. Ҳафтанинг ҳар бир кунини Баҳром саройларнинг бирида ўтказар ва саёҳатчиларнинг ҳикояларини тингларди.