Мусулмон Ренессанси даври: Термизда шаклланган санъатдаги янги йўналишлар

VIII асрда Сурхондарё араблар босқинига учраган, халифалик парчаланганидан кейин навбатма-навбат маҳаллий, Ўрта Осиё сулолалари вакиллари бошчилигидаги давлатлар таркибига кирган. Шу вақтга оид муҳим воқеа сифатида Ўзбекистон жануби мусулмон оламининг энг ёрқин ва ўзига хос марказларидан бирига айланганлигини кўрсатиб ўтишимиз мумкин. Шаҳар, илм-фан, маданият ва санъат жадаллик билан ривожланган. Марказий Осиё минтақаси учун бу давр Мусулмон Ренессанси даврига айланган.

Жарқўрғондаги минора, Ҳаким ат-Термизий мақбараси, Термиз ҳукмдорлари саройи каби ХИ – ХИИ асрларга оид ва бугунги кунгача сақланиб қолган кўзга кўринган ёдгорликлар санъатдаги янги йўналишлардан далолат бера олади. Янги турдаги бинолар, шунингдек, уларнинг безаклари жамиятда янги маънавий ва эстетик талаблар шакллана бошлаганини акс эттиради.

Биноларнинг безашдаги янгиликларни эътиборсиз қолдириб бўлмайди – фризлар ва турли араб ёзувлари ёрдамида битилган эпиграфика шулар жумласидан. Кўпинча улар ҳандасавийлаштирилган куфий ва мослашувчан настаълиқдан иборат бўлган. Ёзувларда асосан Аллоҳ таолонинг исмлари, Қуръон суралари, ибратли сўзлар, баъзан Термиз ва унинг атоқли шахслари билан боғлиқ тарихий маълумотлар акс эттирилган.

Термизшоҳлар саройининг безаклари ажойиб гўзалликка эга бўлиб, унинг деворлари ганч ўймакорлиги, гирих услубидаги ҳандасавий нақшлар билан безатилган. Бир-бирига қарама-қарши турган икки шернинг ўйиб ишланган гералдик тасвири, шунингдек, қанотли жонзотларни (фрагментларда топилган) Термиз ҳукмдорлари саройида топилган энг кўзга ташланадиган ашёлар сифатида эътироф этиш мумкин.

Х – ХI асрлар амалий санъати намуналари орасида маиший сирланган ва сирланмаган кулолчилик буюмларини алоҳида ажратиш мумкин. Сирланмаган кулолчилик буюмларига мисол сифатида бўртма нақшлар билан безатилган турли шаклдаги уй-рўзғор қозонлари, сирланган буюмларга мисол сифатида дастурхон, идиш-товоқ ва кўзаларни кўрсатиб ўтиш мумкин. Улардан баъзиларининг ўзига хос хусусияти оқ фонда қуюқ бўёқ билан ёзилган бир хил эпиграфик декор эди. Мазмунига кўра, ёзувлар турли хил эзгу тилакларни ифодалаган.

Термизлик ҳунармандлар шишасозликда катта маҳоратга эришган эди. Бугунги кунга қадар турли хил шиша идишлар, шунингдек, қироллик тахтининг парчалари бўлиши мумкин бўлган медальонлар сақланиб қолган. Ушбу медальонларда иссиқ ойнага босилган бўртма тасвирлар мавжуд эди. Уларнинг бирида қочаётган жониворга панжасини ботирган йиртқич қуш, иккинчисида аёл, от ва қуш суратлари тасвирланган. Қуролли отлиқлар тасвирланган медальонлар алоҳида қизиқиш уйғотади. Бу ерда эпиграфика ҳам қайд этилган, жумладан, «Мулк» ёзуви туширилган медальонлар. Ушбу медальонлар ўша давр одамлари учун жуда муҳим бўлган. Эҳтимол, улар куч ва ҳокимиятни ифодалаш билан боғлиқ.

Бизгача етиб келган ўрта асрлар санъати намуналари Термизни бутун Ўрта Осиё минтақаси бадиий маданиятининг ёрқин марказларидан бири сифатида тавсифлайди.