Навоий вилоятида топилган энг қадимги масжид

Навоий вилояти ҳудудида жойлашган қадимги Ҳазора қишлоғидаги меъморий ёдгорлик – Деггарон масжиди VII–IХ асрларда қурилган бино ўрнига ХI асрда бунёд этилган.

Бу Навоий вилоятида топилган масжидлардан энг қадимгиси. Кейинчалик, масжид, сопол қозон ясовчилар маҳалласи гузарида жойлашгани учун "Деггарон масжиди" деб номланган.

Ўрта асрларда Ҳазора ўртача шаҳар сифатида машҳур эди. Ёнида эса бир канал қазилгани эски араб манбаларида зикр этилган. Шаҳар Бухоро воҳасининг "Улкан чўл" билан чегарасида қўриқлаш функцияларини бажарган ва "Кампир дувол" деб аталмиш эски фортификация тизимига кирган.

Масжиднинг ташқи кўриниши куб шаклида, усти гумбазлар билан ёпилган, хона ичида пишиқ ғиштдан тўрт ғўла (устун) ишланган. 

Деггарон масжиди – исломият даврининг Марказий Осиёда сақланиб қолган қадимий саждагоҳи сифатида меъморий ўзига хослиги ва содда салобати билан диққатга сазовор.