Навоий вилояти Ғазғон қишлоғи яқинида “Шоҳимардон” (“Паҳлавонлар пири” маъносини англатади) меъморий мажмуаси жойлашган.
Мажмуа 1908-1913 йилларда анча қадимий бинолар ўрнида барпо этилган ва ҳужралар, ошхона, Шоҳимардон мақбараси, масжид, айвон, сув учун мармар косани ўз ичига олади.
Маълумки, Ғазғонда асрлар давомида мармар қазиб олинадиган конлар бор. Шунинг учун ҳам меъморий мажмуа бинолари қурилишида ана шу материалдан фойдаланилган. Жумладан, масжид деворлари, томи, устунларида қалин ёки юпқа тарошланган, қора мармарлар ишлатилган. Масжид ичкарисида 4 та забардаст устун, 9 та арка ва саккиз қиррали “ойбиноқ” (фонар) қурилган.
Масжидлар, мақбара ва айвонлар деворларининг юқори қисмида тўғри бурчакли мармар тоштахтачалардан ясалган белбоғ бор. Ана шу белбоғ бўйлаб хаттот Қуръони Карим оятларини битган.

Ушбу мажмуанинг мармар лавҳларидаги битикларда нима деб ёзилган?
1-лавҳда “Басмала”, 2-лавҳда “Юсуф” сурасининг 64-оятидан парча, 3-лавҳда ушбу ҳадис: “Расулуллоҳ, у зотга Аллоҳнинг салоти ва саломи бўлсин, дедилар: “Мен илм шаҳриман, Али – унинг эшиги” (ҳадис тўқима, аммо диний ҳаётда қабул қилинган), 4-лавҳда ҳадис: “Бешикдан қабргача илм изла” (бу ҳам тўқима ҳадис), 5-лавҳда “Илмни Чин (Хитой)да бўлса ҳам ўрганинглар” (машҳур ҳадис, лекин санади заиф), 6-лавҳда “Фотир” сурасининг 28-ояти: “Бандалари орасида Аллоҳдан уламоларгина қўрқарлар”, 7-лавҳда илмнинг фазилати ҳақида ҳикмат: “Илм дунёда азизлик ва охиратда шараф келтиради”, 8-лавҳда “Ҳижр” сурасининг 46-ояти, 9-лавҳда “Раъд” сурасининг 24-ояти, 10-11-лавҳларда “Имрон” сурасининг 18-19-оятлари, 12-лавҳдан бошлаб то охиригача Қуръони каримдан парчалар келтирилган.