Ноксимон, илон дастали... Увайсийга тегишли офтоба

Андижон вилоят тарихи ва маданияти давлат музейида Жаҳон Отин Увайсийга тегишли ноёб офтоба сақланишини биласизми?

Жаҳон отин Увайсий (1779—1845) — ўзбек мумтоз адабиётининг ёрқин намоёндаси, шоира. Марғилонда туғилиб ижод қилган. Қўқонга кўчиб келгач, Амир Умархон ва Нодира бегимнинг таклифига биноан саройда шеъриятдан дарс берган ва Нодирага устозлик қилган.


Офтоба ноксимон шаклда бўлиб, ўнг ва чап томонида бодомсимон шакл қобуртма қилиб ишланган. Офтобанинг қорин қисми юқорига қараб торайиб бориб, олти қиррали тумшуқ ҳосил қилади. Қопқоғи олтиқиррали, қуббасимон шаклда бўлиб, аспак ёрдамида дастага бирлаштирилган. Дастаси қуйма, ясси, учида илон тасвири. Жўмраги вертикал, қиррали, юқори қисми олдига эгилган, чиройли гулсимон санула ўрнатилган. Офтобанинг сирти тўлиқ ўсимликсимон ва қисман геометрик нақшлар билан безатилган.

Мис буюмларнинг энг кўп тарқалган тури – юз-қўл ювиш учун ишлатиладиган обдасталар ва таҳорат олиш учун ишлатиладиган офтобалар бўлган. Яна форсча “дастшўй” сўзи билан металл қўл ювиш идиши аталган, у сув солиш учун ишлатилган. Горизонталь равишда эгилган кенг томонлари ва махсус қуйиш тешиклари бўлган қопқоғи бўлган. Дастшўй меҳмонларга кечки овқатдан олдин ва кейин қўлларини ювиш учун, сув учун махсус кўза – обдаста билан бирга олиб чиқилган. Андижон шевасида у чилопчин номи билан ҳам машҳур.