Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг дунё ҳукмдорларига ёзган мактублари папирусга кўчирилган нусхаси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясидан ўрин олиши режалаштирилмоқда, дея хабар берди Марказ ахборот хизмати.
“Ислом динининг кенг ёйилиши ва инсониятни тавҳидга даъват қилиш жараёнида Расулуллоҳ (с.а.в.) томонидан юборилган дипломатик мактублар алоҳида тарихий аҳамиятга эга. У зот (с.а.в.) Ислом даъватини етказиш мақсадида дунёдаги етакчи ҳукмдорларга хат ёзиб, муҳрлаб юборганлар.
Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида ана шундай улкан маънавий ва тарихий қимматга эга нусхалардан бири — Император Ҳирақлюс (Гераклиюс)га юборилган мактубнинг илмий асосланган реконструкцияси намойиш этилади”, дейилади хабарда.
Шу билан бирга, экспозицияда Эфиопия, Миср, Баҳрайн, Ўмон ҳукмдорлари, Форс шоҳига юборилган мактублар нусхалари ҳам ўрин олиши кутилмоқда.