ПАПЬЕ-МАШЕДАГИ ЛОКЛИ РАСМЛАР

Рус лок миниатюраси 1930 йилларда бир қанча қишлоқлар – Федос- кино (Москва вилояти), Мстёра (Владимир вилояти), Палех ва Холуй (Иванова вилояти)да ривожланган.

 

 

Бу марказларнинг ҳар бирида тасвирий санъатнинг ўз услублари ва техникаси юзага келган. Маҳаллий усталар тўпланган анъана ва тажрибалар йўқолмаслиги ва ўз анъаналарини ижодий шароитда давом эттириш учун артелларда бирлашиб фаолият олиб борганлар. Локда ишлов бериш ҳунармандчилик миниатюра мактабининг энг тўнғичи икки асрлик тарихга эга бўлган Федоскино мактаби ҳисобланади.

 

Подмосковьедаги Лукитина фабрикаси ва Вишняков устахонасида ишлаган усталар 1910 йилда Федоскино меҳнат артелида бирлашганлар. Улар чизган миниатюраларнинг асосий мавзуси оддий рус кишилари ҳаёти бўлиб, обрўли заминдор ёки савдогар оиласининг чой ичиши, приказчик ёки извошчилар, уч отли извошдаги байрамона сайр, бозор- ўчар, тушлик, меҳнат жараёни, учрашув, тарихий ҳодисалар, эртак воқеалари тасвирланган. Мстёра, Палеха ва Холуялик рассомлар темпера билан чизишган.

 

 

 

Бу марказларда қутича, қути, кубик, тўғноғич, тамакидон, бўйинбоғ учун тўғноғичлар, игнадонга тасвир ишлаш билан шуғулланган рассомлар аввал икона чизиш билан шуғулланиб, янги даврда янги соҳа ва йўналишда ўзларига одат бўлиб қолган услуб ва йўлларни олиб ўтишган.

 

Ушбу мактабларда рангтасвир услубларида юзага келган тафовутлар сақланиб қолган. Ўзбекистонга юборилган рус рассомлари нафақат бу серқуёш диёрнинг гўзал табиати ва маиший ҳаёти, балки самимий халқи, инсонларининг дўстона муносабатига ҳам маҳлиё бўлишган. Улар асарларининг бош қаҳрамонлари оддий меҳнатсевар инсонлар бўлишган. Федоскино лок-миниатюра мактаби ҳақиқий анъаналар билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, ўзбек ҳаётига оид миниатюралар ҳам ушбу услубда чизилган. 1930 Л йилларда номаълум рассом томонидан яратилган «Гилам тўқувчи аёл», М. А. Нестерованинг «Ўзбекона чойхўрлик», Алексей Алексеевич Кругликовнинг «Ўзбеклар. Газетхонлик», Иван Семёнович Семёновнинг «Чойхонадаги ўзбеклар» (охирги икки рассом Федоскино мактабининг усталари) миниатюраларида Ўрта Осиё халқларининг ҳаёт тарзи ва унинг характерли воситалари яққол сезилади.

 

 

 

Бу миниатюралар ажойиб ранг- лари, ихчам ва ишонарли образлари билан ажралиб туради. Кейинги даврда ҳам рассомларнинг ўзбек ҳалқининг ҳаётига бўлган қизиқишлари йўқолмади. Федоскинолик Пётр Николаевич Пучков 1954 йилда «Шафтоли териш» миниатюрасини ўзбек ҳаётига бағишлаб, унда гўзал навқирон ўзбек қизини тасвирлайди.

 

 

Россия Федерациясида хизмат кўрсатган рассом, замонавий асарлар муаллифи, маҳаллий ва хориждаги кўргазмалар қатнашчиси Николай Николаевич Денисов 1976 йил ўзбек халқининг мардонавор меҳнатидан руҳланиб «Гиёҳсиз чўлда» миниатюрасини яратган. Унда тепаликда ёш йигит тантанавор оҳангда карнай чалаётгани тасвирланган. Рус рассомлари ўз ижодларини нафақат ҳаёт ва ўзбек анъаналарига бағишлашган, балки зиёли қатлам билан мулоқот қилиб, тажриба алмашишган. Палех рассомлик билим юртининг битирувчиси Владимир Сергеевич Ан ўқишни тугатгач, Ўзбекистонга келиб бир қанча ўзбек усталари гуруҳини бирлаштирган.

 

 

 

 

Бу рассомлар асосан Палех миниатюра мактабига таяниб, услубий жиҳатдан форс миниатюра санъатига яқин турадиган ўзбек миллий рангтасвир анъаналари асосида ўзига хос асарлар яратишган.