Алишер Навоий қаламига мансуб "Хамса" асарининг ноёб қўлёзмаси факсимиле нусха шаклида нашр этилади ва Ўзбекистонга қайтарилади

Алишер Навоий қаламига мансуб "Хамса" асарининг ноёб қўлёзмаси факсимиле нусха шаклида нашр этилади ва Ўзбекистонга қайтарилади

Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти томонидан амалга оширилаётган "Ўзбекистоннинг 100 нодир қўлёзмаси" лойиҳаси доирасида ўзбек заминининг ноёб қўлёзмаларини факсимиле нусха шаклида нашр этиш ва қайтариш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси кўмагида Бутунжаҳон жамияти раиси Фирдавс Абдухолиқов, Оксфорд университети кутубхонаси қошидаги нашриёт раҳбари жаноб Самюель Фанус, Mueller&Schindler нашриётининг вакиллари Шарлотта Крамер ва Александр Вильгельм ва "Ўзбекистоннинг маданий мероси дунё тўпламларида" лойиҳасининг мутахассислари ўртасида навбатдаги учрашув ташкил этилди. Учрашув давомида Алишер Навоий қаламига мансуб машҳур «Хамса» асарининг факсимиле нусхаларини яратиш имконияти муҳокама қилинди. 

Британия вакили Самюэль Фанус «Хамса» асарининг ноёб факсимиле нусхаларини яратиш бўйича биргаликда ишлашга тайёрлигини маълум қилди.

- Ҳозирда қўлёзмаларнинг ҳар бири ягона нусхада мавжуд бўлиб, музей ёки кутубхона фондларида сақланмоқда, шунинг учун ҳам тадқиқотчилар ва қўлёзма китобларнинг ихлосмандлари улардан фойдаланиш имконитига эга эмас, - деб таъкидлади лойиҳа муаллифи ва раҳбари Фирдавс Абдухолиқов. - Факсимиле нусхаларининг нашр этилиши ушбу ноёб маданий ёдгорликлардан фойдаланиш учун кенг имкониятларни яратади, чунки ноёб қўлёзмаларнинг факсимилелари - азалги ва яхши йўлга қўйилган амалиётдир. Биз яна бир муҳташам маданий ёдгорликни Ўзбекистонга қайтариш имконияти пайдо бўлганидан мамнунмиз.

«Хамса» асарининг таркибига кирувчи бешта достон XV асрнинг ноёб адабий ёдгорлиги ҳисобланади. Қўлёзманинг асл нусҳаси 690 саҳифадан иборат яхлит қўлёзма шаклига эга бўлган. Бироқ, кейинчалик у қисмларга ажратилган. Ҳозирда қўлёзманинг тўрт қисми Оксфорднинг Бодлеан кутубхонасида, бешинчи қисми эса Манчестердаги Жон Райланд кутубхонасида сақланмоқда.

- Биз Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган ноёб лойиҳанинг бир қисми эканлигимиздан фахрланамиз, - деб фикр билдирмоқда Австриянинг Mueller&Schindler нашриёти эгаси Шарлотта Крамер. - Қадимий ва ўрта асрларга оид қўлёзмаларнинг асл нусхаларини излаш, ўрганиш ва реконструкция қилиш бўйича Бутунжаҳон жамияти томонидан амалга оширилаётган ноёб тадқиқот амалиёти юксак ҳурматга лойиқ. Умид қиламизки, ушбу қўлёзмалар Ўзбекистоннинг бой меросини ўрганиш истагида бўлган барча тадқиқотчилар учун муносиб совға бўлади.

Эслатиб ўтамиз, миниатюраларнинг нусхалари Ўзбекистон ва дунё таълим ва маърифат муассасаларига бепул асосда берилади.