Ўрол Тансиқбоев асли қозоқ миллатига мансуб бўлган ўзбекистонлик рассом. У 1904 йил 14 январда Тошкент шаҳрида туғилган. Рассомнинг ижодий меросига назар солиб, унинг турли ракурсларда – биринчи навбатда, нафақат рассом, балки график рассом, театр декоратори сифатида ҳам салмоқли ижод қилганига гувоҳ бўламиз.
Ўрол Тансиқбоев 1938 йилда Олмаотага келади. Саёҳатнинг асосий сабаби рассомнинг театрнинг декоратив рангтасвир соҳасида илк амалга оширган тажрибаси саналган “Қалқаман ва Мамир” балетини лойиҳалаштиришда иштирок этиш учун таклиф қилиниши бўлган. Саҳна асари Давлат опера ва балет театрида намойиш этилди. Биринчи миллий балет устида олиб борилган ишлар Қозоғистон, Ўзбекистон ва Россиянинг таниқли арбобларини бирлаштирган. Мусиқа муаллифи ленинградлик бастакор Василий Васильевич Великанов (1898–1969) бўлган. Шокарим Худойбердиевнинг шу номдаги поэмаси асосида яратилган либреттонинг муаллифи – Мухтор Авезов (1897–1961), СССР Большой театрида ишлаган Леонид Алексеевич Жуков (1890–1951) рақсларни саҳналаштирувчи раҳбар бўлган.
Бош қаҳрамон – Мамир ролини қозоқ балетининг биринчи қалдирғоч раққосаси, Қозоғистон халқ артисти Шара Жиенқулова ва Б. Сайфутдиновалар ижро этишган. Г. Исмоилов ва Л. Жуковлар Қалқаман ролида рақсга тушишган.
Премьера 1938 йил 24 июлда бўлиб ўтган. Гуашь техникасида тайёрланган учта эскиз 1939 йилда бевосита муаллифнинг ўзидан сотиб олинган.
Замондошларнинг таъкидлашига кўра, Ўрол Тансиқбоев саҳна кўринишларида миллий либосларнинг этнографик ўзига хослиги ва спектаклнинг барча саҳналарига жўр бўлган табиатнинг ўзига хос тимсоллари орқали ҳақиқий Қозоғистонни кўрсатиб беришга муваффақ бўлган.
Шундай қилиб, Ў. Тансиқбоевнинг театр рассоми сифатидаги шахсияти ҳам унинг истеъдодининг серқирралигини таъкидлаган ҳолда коллекциядан ўз ўрнини топди.