Ромб, ойсимон... Мовароуннаҳр заргарлик буюмлари

IX–XIII  асрлар бошларидаги Мовароуннаҳр заргарлик буюмлари етарлича миқдорда сақланиб қолган. Кўпинча улар арзон бронза ёки жездан тайёрланган, фақат Мовароуннаҳрнинг шарқий ҳудудларидагина хомашё сифатида кумуш ишлатилган.

Х асрнинг охирида Қорахонийлар давлатининг шарқида кумуш тақинчоқларни ясаш бўйича уларнинг ўз ҳунармандлик мактаби яратилди, маркази Тошкент воҳаси ва Жанубий Қозоғистоннинг ҳозирги ҳудудларида жойлашган эди.

Эрмитажда қорахонийлар даврида оддий кишилар учун мўлжалланган энг кўп тарқалган бронза ва тошдан ясалган безакларнинг унча катта бўлмаган тўплами сақланади. 

Заргарлик тақинчоқлари мажмуасини бронзадан ясалган томчи шаклли катта осма туморлар ташкил қилиб, улар баъзида ўсимликлар безаги ўртасида жойлашган ҳайвонлар расмлари билан безалган. Одатда ўсимликлар кўринишидаги ўйма нақшлар билан безатилган ромб шаклидаги ва думалоқ осма тақинчоқлар камроқ учрайди. Мунчоқлар доирасида турган ойсимон осма кўкрак тақинчоқлар кенг тарқалган эди.