ХХ асрнинг 60-йилларидан бошлаб Самарқандда, сўнгра бошқа кулолчилик марказларида одамлар ҳаёти лавҳаларини акс эттирувчи лойдан ясалган жанрли ҳайкалчалари оммалашди.
Ҳайкалчаларда чавандозлар, масхарабозлар, созандалар, нонвойлар ва мева сотувчилар, баъзан чойхўрлик, нон ёпиш ва кундалик турмушга оид бошқа мавзулар билан боғлиқ тўлиқ сюжетлар акс эттирилган.
Турли типажлар қамраб олинган сюжетлар халқчил ҳазиллар ва содда лирика билан бойитилган. Ҳозир халқ ҳунармандчилигида оммалашган ушбу жанр асосчиси, машҳур Умарқул Жўрақуловнинг шогирди, самарқандлик уста Абдураҳим Мухторов бўлди.
А. Мухторов хасталиги туфайли кулолчилик чархида ишлай олмагани боис лойдан ўйинчоқлар ясаш билан шуғуллана бошлаган. Ўткир нигоҳ, синчковлик ва ҳазилга мойиллик унинг маҳсулотлари оммалашуви ҳамда ушбу жанр усталари мактаби яратилиши имконини берди, улар орасида устознинг ўғиллари – Ислом, Суннат, Зариф Мухторовлар ҳамда уста Жўрақуловнинг набираси – Илҳом Воҳидий ва бошқалар шуҳрат қозонишди.