Ўзбекистон Маданий мероси ҳафталиги давомида нумизматика соҳасининг етакчи мутахассисларидан бири, фан доктори Сергей Лаптев мамлакат тарихи тадқиқотларида тангалар аҳамияти ҳақида қизиқарли маъруза қилди. У ўз чиқишида нумизматик тадқиқотлар асрлар давомида Ўзбекистонда рўй берган даврлар ўзгаришлари, иқтисодий ва сиёсий ўзгаришларга ёруғлик тушириши мумкинлигини таъкидлади.
«Тангалар — фақатгина тўлов воситаси эмас. Улар бизга ҳар хил даврларда қандай иқтисодий-сиёсий ўзгаришлар бўлганини англатган ҳолда ўтмиш ҳақида бутун бир тарихни сўзлаб бериши мумкин. Масалан, шайбонийлар даврида олтин тангалар, Қўқон, Бухоро ва Хива хонликларида эса кумуш тангалар чиқарилган. Вақт ўтиши билан биз материалнинг ўзгаришини кузатамиз: кумушдан мисгача, охир-оқибат, ипак қоғозга ва СССР рублигача», — дея таъкидлади Лаптев.
Шунингдек, у ХХ аср тарихидан қизиқарли мисол келтирди, ижтимоий ўзгаришлар ва янги давлат тузилмалари, жумладан, Бухоро Халқ Республикаси пайдо бўлиши билан бирга илк қоғоз пуллар пайдо бўлгани, мустақилликка эришганидан сўнг эса ўзбек сўмлари жорий қилинганини айтиб ўтди.
Сергей Лаптев Ислом цивилизацияси марказидаги келажак экспозициясига алоҳида эътибор қаратиб, Ўзбекистон тарихи турли даврларидаги энг яхши тангалар намуналари ўрин олишини айтиб ўтди. Ушбу коллекция мамлакат маданий меросининг муҳим қисми бўлиб, ташриф буюрувчиларга нумизматика ривожланиши минтақа тарихи билан биргаликда қандай кетганини кўриш имконини беради.
Лаптев нумизматика фақатгина мутахассислар учун эмас, балки ёшлар билим олиши учун ажойиб восита эканини ҳам алоҳида таъкидлади. «Ўзбекистонда кўплаб ёшлар танга йиғиш билан шуғулланишади. Бу қизиқишдан мамлакат тарихи ва Ислом дини мероси, яхшилик ва тинчлик таълимоти ҳақида билим олишлари учун кўприк сифатида фойдаланиш мумкин», — деди у ва нумизматикани оммалаштириш янги авлодлар орасида миллий тарихга қизиқишни оширишда муҳим роль ўйнаши мумкинлигини таъкидлаб ўтди.