Тошкент шаҳри ҳудудидаги энг сержумбоқ ва меъморчилик тузилиши жиҳатидан ғайриоддий иншоотлардан бири бу - Қалдирғочбий мақбараси ҳисобланади…
Мақбара Шайхонтоҳур мақбарасининг шимолида жойлашган, дарвозаси ҳам унга қарата солинган. Квадратсимон иморат (9,5×9,5м) ўн икки қиррали нақшинкор гардишга таянувчи пирамидасимон гумбаз билан қопланган (умумий баландлиги – 13 м). У феруза кошинлар билан қадамаланган.
Дарвозахонаси аркасимон равоқ билан безатилган, алоҳида пештоқ қурилмаган. Мақбара бунёд этилган давр эса темурийлар даври меъморий ёдгорликларида кенг тарқалган нақш лавҳалари – гумбаз тагзаминидаги ва иморат ичкарисининг бурчакдаги бағалсимон равоқларидаги ганч муқарнасларга қараб "ҳисоблаб чиқилган".
Ривоятларга қараганда, иморат Дашти Қипчоқдан бўлмиш мўғул шаҳзодаси, Қалдирғочбий лақаби билан танилган бир киши мозори узра тикланган. Тахминларга кўра, мақбара қурилиши анча кейинги даврларга оид ва тарихий шахс – дулат қабиласидан бўлмиш Улуғ Жуз' ҳукмдори Тўлабий Алибийқул (1663 – 1756) номи билан боғлиқ. Тўлабий умрининг кўп қисмини Тошкент шаҳри яқинида – қабиласининг сулолавий мулки бўлмиш Қорақамиш ва Оқбурҳонда ўтказган. Тўлабий олти йил давомида Тошкент шаҳри ҳокими бўлган (1743 – 1749). Ўша даврларга оид бир маълумотномада: "Тўлабий Тошкентда хондан иззатлироқ ҳукмдор саналади" деган маълумот келтирилган. У амакиси Жунисхон ёнида дафн этилган. Мақбара дулат қабиласидан бўлмиш номаълум хон учун тахминан ХВ асрнинг И ярмида барпо этилган, орадан 200 – 250-йиллар ўтгач эса бу ер айнан шу уруғдан бўлмиш хонларнинг сўнгги манзилига айлана борган.