Шайх Хованди Тоҳур мақбараси (XV аср ўрталари, XIX аср) таниқли диний арбоб, уламо, вафот этганидан сўнг авлиё даражасида улуғланган Шайх Хованд Тоҳур шарафига барпо этилган. У тоғлиқ Боғистон қишлоғи да Шайх Ҳасан Булғорийнинг шогирди бўлмиш Шайх Умар Боғистоний хонадонида таваллуд топган1. Бу оила сулолавий олимлар ва тасаввуф тариқатлари вакиллари билан қизғин мулоқот қилиб келган катта ер эгалари хонадони бўлган.

Маҳаллий аҳоли орасида кенг тарқалган ривоят ва афсоналарга қараганда, авлиёнинг номи кабутар қанотлари потирлаши (ат-Таҳур) билан монандлаштирилган – ота-онаси мақбара бошига чақалоқни олиб келишганда Шайх Зайниддин Куйиорифоний мозоридан кабутар гуррагурра осмонга кўтарилган экан. Мақбара бир неча марта қайта қурилган, дастлаб барпо этилган иморатдан фақатгина пойдевори сақланиб қолган, холос. Мақбара бунёд этилиши ҳомийси машҳур Хожа Аҳрор Валий – Шайх Хованди Тоҳурнинг эвараси бўлгани ҳам мустасно эмас2. Меъморий-археологик тадқиқотлар натижаси ўлароқ энг қадимги бино гўрхона бўлганлиги, кейинчалик унинг ёнидан пештоқли зиёратхона қурилгани аниқланган. Бундан ташқари, мажмуанинг ер усти қисми, чамаси XVIII аср охири – XIX аср бошларида қайта таъмирланган3. 1910–1912 йилларда эса мақбара наманганлик Шайх Ҳожимат эшон маблағи ҳисобидан таъмирланган, гумбазига металл парчинлар қопланган.

Зиёратхона деворларида аркасимон бағаллар билан якунланувчи саккизта меҳроб ясалган. Ана шу аркасимон бағалларга 12 қиррали икки қаватли гумбаз таяниб турибди. Бурчаклардаги ва деворлардаги аркалар ўртасида «ғишти арчасимон терилган» қалқонсимон бағаллар ясалган. Гўрхонадаги ҳар бир деворда меҳроблар очилган. Хона гумбази якка бўлиб, ташқаридан қараганда, му
самман – саккизбурчак кўринишига эга. Шайх Хованди Тоҳур сағанаси биринчи хонада жойлашган. Шу жойда табаррук туя4 дарахти пояси ҳам мавжуд. Зиёратхонада эса тўртта дахма жойлашган, уларнинг энг қадимийси XVII асрга оид дея саналаштирилган. Анча кейин пайдо бўлган иккита тош – Тошкент ҳокими Юнусхўжа ва унинг ўғли қабрига тегишли. XVII асрнинг I чорагида мақбарага кираверишда бронзадан ясалган бодомнусха қуббачаси бўлган туғ кўтарилган. Ана шу туғ 1033/1623–24 йилда Шайх Хованди Тоҳурнинг Ҳиндистонга кўчиб кетган бир авлоди қасамёдига кўра кўтарилган5. Китоба битикда «Ҳазрати Тоҳурга Ҳиндистон шаҳарларидан совға тариқасида тортиқ этилгани» ҳақида сўз юритилади.

Бинобарин, ХХ аср бошларида ҳам Шайх Хованд Тоҳурнинг авлодларидан бири Расул Саидазизов хонадонидаги жавонда, ойнаванд шиша остида иккита дарвишлар кулоҳи сақланган. Ана шу кулоҳлар, ривоятларга қараганда, Шайх Хованди Тоҳурнинг ўзига ва унинг отаси Шайх Умар Боғистонийга тегишли бўлган. Мазкур кулоҳлар маҳаллий аҳоли орасида анча машҳур бўлган, негаки бош оғриғини даволаган ва тўлғоқ азобларини енгиллаштирган7. Кейинги реставрация ишлари чоғида Шайх Хованди Тоҳур мақбараси 1996 йили қадимий меъморий шаклларни сақлаб қолган ҳолда авайлаб қайта тикланди. Бош фасаднинг тепа қисмларида ва қанотларида китоба битиклар ёзилган фризлар жойлаштирилган бўлса, равоқчалар меҳробларида кошинкорий наботий нақшлар билан зийнатланди. Гумбазга эса феруза сиркорланган кошинлар қопланди.
Иншоот хоналарида наботий нақшлар билан ҳошияланган феруза рангли сиркорланган панеллар ясалган. Деворларга эса нақшинкор ганч чироқдонлар ясалган. Шайх Хованди Тоҳур мозори устида эса ҳамма томони китоба битиклар билан безатилган, Нурота конидан келтирилган оқ-пушти мармардан ясалган нафис қабр тоши ўрнатилган. Китоба битиклар ёзилган қабртошлари Юнусхўжа ва унинг ўғли қабрлари тепасида ҳам ўрнатилган