Нью-Деҳлидаги Ҳиндистон Миллий музейида кушонлар даврига оид жуда кўп ва хилма-хил тангалар коллекцияси мавжуд.
Кушонлар подшолигининг вужудга келиши билан бирга танга зарб қилиш соҳасида ҳам кўплаб қизиқарли хусусиятлар пайдо бўла бошлади. Милодий И асрдан бошлаб тангаларни ишлаб чиқаришда мунтазам тарзда олтиндан фойдаланила бошлаган. Бошқа минтақалардаги муомалага чиқарилган тангаларда оддий портрет тасвирлари кенг тарқалган бўлса, Кушон давлатининг тилла тангаларида янгича концепция – подшоҳ шахсини илоҳийлаштириш урфга кирган, буни танганинг ташқи кўринишидан ҳам осонгина илғаш мумкин.
Кушонлар тангаларни асосан олтин ва мисдан тайёрлашган, кумуш тангалар кам чиқарилган. Биринчи кушон ҳукмдори Кужула Кадфиз Ҳинд-Юнон подшолигининг охирги ҳукмдори Гермей тангаларига ўхшаш тангалар чиқарган ва унга кхароштхи тилидаги матнларини қўшган. Унинг набираси Вима Кадфиз иккала тилда – ҳам юнон, ҳам кхароштхи тилларида матн ёзилган олтин тангаларни муомалага чиқарган. У зарб эттирган олтин ва мис тангаларнинг орқа томонига Шиванинг ҳўкиз билан ёки ҳўкизсиз тасвири туширилган. Олтин тангаларнинг олд томонида ҳукмдорнинг турли хил ҳолатлардаги тасвирини кўришингиз мумкин, мис тангаларда эса фақат битта типаж – қурбонгоҳдаги ҳукмдор тасвирланган.
Вима Кадфиз асосан оғирлиги тахминан 16 грамм бўлган мис тангалар зарб қилдирган. Канишка тангаларида ҳиндуийлик, буддавийлик, зардуштийлик, юнон динларининг диний анъаналаридаги персонажлар тасвирланган ва уларнинг номлари ҳам ёзиб қўйилган. Шунингдек, у биринчи марта тангаларда юнонча эмас, бақтрия тилидаги ёзувлардан фойдалана бошлаган. Мисол учун, юнонча «басилевс басилеон» («шоҳаншоҳ» – «шоҳлар шоҳи») унвони бақтрияча «шаонаношао» шаклида алмаштирилган.
Кушонлар даври тангалари брахманлик ва буддавийлик дини иконографиясининг ривожланишидаги қизиқарли эволюцияни кўрсатиб беради. Ҳукмдорлар ва маъбудларнинг гўзал миниатюрали тасвирлари, икки тилда ёзилган матнлар Кушон давлати ҳукмдорларининг юксак бадиий талабларга амал қилганликларидан далолат беради.