Мағрур қуш ҳақида ҳикоя

... Кўплаб риштонликларга устозлик қилган машҳур усталардан бири уста-кулоллар сулоласининг еттинчи авлоди вакили, Ўзбекистон халқ устаси Иброҳим Комилов эди. Бу ажойиб инсон ҳақида жуда кўп очерклар ёзилган. Лекин у ҳақидаги ҳамма ҳам билмайдиган яна бир ҳикоя бор. Бу ҳақда Комиловнинг шогирди, уста-кулол Алишер Назиров ҳикоя қилиб берди.


Вафот этишидан бир мунча вақт аввал уста ўзига ноодатий бир илҳом келиб қолганини ҳис қилди. У тинмай, кеча-кундуз расм чизар ва бирин-кетин барча идиш-товоқларни мураккаб нақшлар билан тўлдирарди. Шундай кунларнинг бирида унинг мўйқалами остида янги бир қуш тасвири пайдо бўлди. Бу бошқа кулолларнинг расмларида учрамайдиган ўзгача бир қуш эди. У қанотларини кенг ёзган ва баланд кўтарган, кишида худди учиб кетаётгандек тасаввур уйғотади.

– Сиз бизга бундай қушни чизишни ўргатмаган эдингиз, уста. Бу расм қандай пайдо бўлди? – сўради Алишер Назиров устозидан.
– Буни ҳеч кимга ўргатишмайди, ўғлим. Сиз ўз Қушингизни ўзингиз топишингиз керак. Лекин энг асосийси – бу мағрур қуш бўлиши керак.

Бир ҳафтадан кейин уста вафот этди. Лекин уста Иброҳимнинг мағрур қуши ҳали ҳам ўз шогирдларининг асарларида яшаб юрибди ва Риштон кулолчилигининг энг машҳур рамзларидан бири ўлароқ, унинг қанотига айланиб, абадий яшайверади. У авлодлар учун доно ўгит бўлиб қолади – кўп асрлик анъаналарга ғамхўрлик ва ҳурмат доимий ижодий изланишлар, одатий тасвирлар оламини янгилаш истаги билан уйғунлашмоғи керак. Зийрак қалблардан қандайдир янги муждалар келганида, уни ҳар қандай киши худди қалбига яқин, қадрдон қўшиқнинг сўзлари каби тинглайди ва такрорлайди.

Элмира Гюл

Сказ о гордой птице