Суғд самит (VI асрда ипак матонинг янги тури, техник жиҳатдан сатин ва атлас тўқиш услубларини қўшиб ҳосил нақшли мато ҳосил қилиш)ларидаги тасвирлар аниқлиги деталларда яққол кўринади. Масалан, тамғасимон жойлашган ҳайвонлар орасидаги дарахт тасвири манбаларда ёзилишича, “Самарқанддаги бир бирини томоша қилаётгандай тасвирланган ҳайвонларнинг жуфтлашган ҳайкалларини ёдга солади”. Ўз навбатида, туркийлар таъсирида маълум ҳайвонлар образларига ҳурмат акс этади: агар шерлар, филлар ва қушлар Византи ва сосонийлар ипак матоларига кўпроқ хос бўлган бўлса, суғд матоларида тоғ эчкилари, тўнғизлар, отлар, кийиклар ва кўчманчи туркларнинг маданий муҳитига яқин ҳайвонлар образларини кўриш мумкин.
Нақшларда чизиқларга катта эътибор қаратилган. Ҳайвонлар тасвиридаги графикага кўра, улар чиндан ҳам Суғдда яратилган, дейишга асос бор. Бу хусусиятлар лўндалик ва таъсирчанликнинг уйғунлиги бўлиб, алоҳида туркий таъсирни бошдан кечирган синкретистик суғд санъатига жуда хос саналади.
Самитларнинг суғдий келиб чиқиши ҳақида гапиришга имкон берувчи, энг муҳим аниқлаштирувчи мотивлардан бири асосий медальонлар ўртасига жойлаштирилган, ичига ўрама шохлар ўрнатилган тенг ёнли хочлар саналади. У медальонли композиция билан безатилган илк ўрта аср ипакларининг ҳаммасида ҳам учрамайди, баъзиларида унинг ўрнида думалоқ розетка, палметта ёки бошқа гулли мотивлар, ромб ва бошқа безаклардан фойдаланилган.
Бу мотив Ўрта Осиёнинг анча кейинги тўқимачилик маҳсулотларида (гиламларда) кайкалак/кўчкорак сифатида машҳур бўлган, фаровонлик рамзи саналган, турк пантеонининг асосий маъбуди – Тангри тимсолидир. Бу ўз ўрнида Суғд ерларида суғдлар ва турклар ўртасидаги иттифоқнинг яққол кўринишидир.
Суғд ипакларидаги зардуштийлик образлари билан Тангри тимсолининг бирлашуви – VI-VII асрларда юазага келган туркий-суғд симбиозининг ёрқин намунасидир.
Ипак газламалар тўқиш суғдийлар маданиятининг ажралмас қисми бўлган.
WOSCU ахборот хизмати