Сув ҳамма халқлар учун ҳаётнинг асосий манбаи ва безак санъатининг энг оммалашган нақшидир. Лекин сувни, айниқса, оқар сувни қандай тасвирлаш мумкин?

Бунинг учун ўзбек ҳунарманд аёллари бир қанча усуллардан фойдаланишган. Биринчиси, гилам хошияларини марказий майдондан ажратиб турадиган бир хил рангли йўллар. Улар тўғридан-тўғри оддийгина сув (сув) деб аталган. Сув йўллари ҳам безак, ҳам рамз вазифаларини бажарган.
Сув мотивининг ҳақиқий талқини – композиция тасвирлари бўлиб акс эттирилган энсиз хошияларда кетма-кет жойлашган поғонали тароқлар – Қашқадарё арабларининг килимларида учрайди.
Кўплаб халқлар санъатида оқар сувни тасвирлашнинг мумтоз усули бу МEАНДР – узлуксиз чизилган югурик тўлқин мотиви бўлган.
Бу мотивнинг номи Кичик Осиёдаги Меандр (Мендерес) дарёсидан олинган бўлиб, у ўзининг жуда буралиб оқадиган ўзанлари билан ажралиб туради. Қадим замонларда бу дарё ҳатто фалсафий мулоҳазалар учун ҳам мавзу бўлган. Мисол учун, Сенеканинг таъкидлашига кўра, "Меандр дарёси барча шоирларнинг машқлари ва шеърлари учун илҳом манбаи бўлган, чунки унинг ўзи жуда кўп жойда қайрилиб оқади, қайрилган жойлари баъзан асосий ўзанига қуйилса-да, ўз ўзанига қўшилиб улгурмасдан дарров яна буралиб кетади".
Меандр тасвири туширилаётган жойнинг материалига қараб тўлқинсимон силлиқ ва геометрик (тўғри бурчак остида қайрилган чизиқ) шаклда чизилиши мумкин. Силлиқ тўлқинсимон меандрни кигиз гиламлар ва кашталар безакларида, геометрик меандрни эса тўқилган матоларда учратиш мумкин. Таомилга кўра, меандр тўлқинлар гилам хошияларига жойлаштирилган. Бугунда меандр нақшларининг асл моҳияти, аллақачон унутилиб кетган. Меандр ҳозирда гажак (бурама), келин қоши, қийшиқ бурун деган номлар билан маълум.
Сувнинг яна бир рамзи, меандрнинг ўзига хос тарзда кесиб олинган варианти – С шаклидаги мотив. Очиғи, унинг ҳам "сув" билан боғлиқ маъноси унутилган.
Тикувчи аёллар уни туя бўйин – туянинг бўйни ёки кирилл алифбосидаги г ҳарфининг ёзма қия шаклига ўхшагани учун оддийгина қилиб г-гул деб ҳам аташади. Композицияларда у қўшимча мотив сифатида ишлатилган.