Султан Раев: "Давлат раҳбари томонидан олиб бораётган конструктив ва прагматик ташқи сиёсат Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда ҳамда туркий дунёда азалий ўрнини қайта тиклаши ва мустаҳкамлашида м

Яна бир бор серқуёш Ўзбекистонда бўлиб турганимдан бағоят ҳурсандман. Юртингизга ҳар келганимда ҳис қиладиганим меҳр-муҳаббат, одамларнинг юз-кўзидаги илиқлик, шаҳрингиздаги ўзига хос тароват бугун ҳам қалбимни нурга тўлдириб турибди. Албатта, бу ёқимли тафт, инсонларнинг чеҳрасидаги мамнунлик, кўтаринки кайфият уларнинг ҳаётдан розилиги ифодаси, мамлакатингизда юз бераётган ижобий ўзгаришлар мевасидир.

Президент Шавкат Мирзиёев жаноби олийларининг Янги Ўзбекистоннинг меъмори сифатида узоқни кўзлаб амалга ошираётган ишлари — мамлакатни суратан ва сийратан янгилаш, дунёда унинг янги имижини яратиш, халқни азалий орзулари рўёби сари етаклаш ҳамда миллий қадриятлардан сув ичган демократик ислоҳотлар ўзбекистонликларнинг нафақат ҳаётини, балки онгу тафаккурини ҳам ўзгартирмоқда, десак, айни ҳақиқат.

Давлат раҳбари томонидан олиб бораётган конструктив ва прагматик ташқи сиёсат Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда ҳамда туркий дунёда азалий ўрнини қайта тиклаши ва мустаҳкамлашида муҳим ўрин тутмоқда.

Ўзбекистон Туркий давлатлар ташкилотига тўлақонли аъзо бўлиб кирганидан сўнг барча соҳалар сингари ТУРКСОЙ фаолияти доирасидаги ҳамкорлик алоқалари ҳам янги босқичга кўтарилди.