Султон Раев ижоди: Конгресс арафасидаги китоб тақдимоти

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси 22 август куни Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU)нинг VIII Халқаро конгресси арафасида ҳамда Ислом цивилизацияси маркази кўмагида қирғиз ёзувчиси, ТУРКСОЙ бош котиби Султон Раевнинг ўзбек тилидаги "Танланган асарлар" китобининг тақдимотини ўтказди.

Бу Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан расман тақдим этилган Раевнинг ўзбек тилидаги биринчи китобидир.

Маросим Султон Раевга бағишланган биографик ролик намойиши билан бошланди. Унда ажойиб ёзувчи, ўнлаб асарлар муаллифи, баъзилари театрларда саҳналаштирилган асарларга муаллифлик қилган адибнинг ҳаёти ва ижодий йўли ҳақида ҳикоя қилинди. Раевни унинг буюк ватандоши Чингиз Айтматов билан таққослашади ва Марказий Осиёдаги замонавий адабиётнинг етакчи ёзувчиларидан бири деб аташади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси, ёзувчи Хайриддин Султонов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, академик Акмал Саидов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият арбоби Зуҳриддин Исомиддинов, "Саодат" журнали бош муҳаррири Мунаввара Усмонова, филология фанлари доктори Жаббор Эшонқул ва бошқа таниқли олимлар ҳамда расмий шахслар табрик сўзлари билан чиқиш қилдилар.

Нотиқлар муаллиф ижодини, адабий услубининг сифатини, асарларининг аҳамиятини таъкидлаб, Султон Раевнинг туркий адабиётни ривожлантириш, мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлашдаги ўрнини алоҳида қайд этишди. Тақдимот давомида яна бир видеоролик намойиш этилди, бу сафар у Раевнинг ТУРКСОЙ бош котиби сифатидаги фаолиятига бағишланган эди.

Султон Раевнинг ўзи иштирокчиларга миннатдорчилик билдириб, китобининг ўзбек китобхонлари орасида катта қизиқиш уйғотишига умид билдирди.

Раев қимматбаҳо совғалар, жумладан, Алишер Навоий номидаги медаль ва ўзининг портрети билан тақдирланди. Ўз навбатида тақдимот меҳмонларига адиб ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси номидан китоб топширилди, фотосессия ва дастхат қўйиш маросими ўтказилди.

Расмий маросим якунида Раев ўз китобининг тақдимоти, шунингдек, бўлажак Конгресснинг аҳамияти ҳақида фикр билдирди.

"Мен учун китоб тақдимоти жуда муҳим воқеа. Ўзбекистон театрлари менинг асарларим асосида спектакллар саҳналаштирган бўлса-да, ўзбек адабий муҳитида ёзувчи, насрнавис-романист сифатида энди танишяпти. Ўзбек тили менга жуда яқин, тилни биламан, ўзбек адабиётининг энг сара намуналарини ўқиб улғайганман. Ўйлайманки, китоб ўз ўқувчисини топади, ўқувчи эса унда ўзини кўради. ТУРКСОЙ форумининг Ислом цивилизацияси марказига бағишланган Конгресс доирасида Ўзбекистонда – маънавият пойтахтида ўтказилиши ғоят рамзий маънога эга. Туркий дунёнинг гуманитар ислоҳотлари айнан шу ердан бошланган. Исломнинг барча буюк назариётчилари турли даврларда шу заминда ижод қилганлар. Масалан, Имом Бухорий – туркий дунёнинг улуғ сиймоси. Ўзбекистон бундай миқёсдаги тадбирларни ўтказиш ҳуқуқига тўла эга."

 

Италиянинг "Sandro Teti Editore " нашриёти президенти Сандро Доминико Тети турли тиллардаги адабиётларни тарқатиш энг муҳим вазифа эканлигини таъкидлади.

"Айниқса, Ғарб кишиси нуқтаи назаридан бу жуда муҳим воқеа. Мен туркий адабиёт ва ТУРКСОЙ билан яхши танишман, лекин, афсуски, Ғарбда туркий адабиёт етарли даражада тақдим этилмаган. Энг муҳим вазифа ғарблик оддий фуқароларни туркий тарих ва маданият, адабиёт ва шеърият билан таништиришдир. Биз ҳам шу йўналишда ҳаракат қилмоқдамиз. Илк бор "Бобурнома"ни таржима қилдик. Бошқа китоблар устида ҳам ишламоқдамиз. Шунинг учун бу тақдимотнинг аҳамиятини яхши тушунаман."