"Темурийлар насабномаси": Амир Темур саройи миниатюраси

Ҳиндистоннинг Бухороси бўлган Рампур шаҳрида Раза кутубхонаси жойлашган. Кутубхонани "Китоблар Тож Маҳали" ҳам дейишади.

Бу ерда ҳақиқий хазина – санскрит, араб, форс, туркий, пуштун, урду, ҳинд ва бошқа тилларда ёзилган минглаб қимматбаҳо қўлёзмалар, Қуръон нусхаларининг катта тўплами, миниатюралар ва Ислом хаттотлиги намуналари билан безатилган альбомлар, нодир босма нашрлар, тангалар, археологик осори атиқалар мавжуд.

Кутубхона фондида Ўзбекистонга оид адабий мерос ҳам сақланади. Хусусан, "Мирот ал-Ашбоҳ Салотини Осмонжоҳ" ёки "Осмон эътиборидаги султонлар тасвири ойнаси" китобини мисол келтириш мумкин.

Китобда Амир Темурдан бошлаб, темурийлар сулоласининг энг охирги ҳукмдори Баҳодиршоҳ-2 гача бўлган темурий ҳукмдорлар ҳақида маълумотлар ва ҳар бирининг сурати берилган.

Китобнинг бошқа номи — "Курсиномаи Темурия" ёки "Темурийлар насабномаси". Муаллифи — Муҳаммад Фаҳриддин Ҳусайн Деҳлавий. Асар Баҳодиршоҳ-2 буюртмасига кўра, ҳижрий 1266/милодий 1849-1850 йилларда ёзилган. Суратлар Ғулом Алихон ва Бобир Алихон томонидан чизилган. Қўлёзма 60 миниатюрани ўз ичига олади.

Ушбу китобдаги миниатюралар туркумини тақдим этамиз. Дастлаб Амир Темур саройи номли тасвирга юзланамиз:

"Temuriylar nasabnomasi": Amir Temur 12 avlodi qurshovida

 

“Темурийлар сулоласи. Пешайвоннинг марказида сулола асосчиси Амир Темур (1370 – 1405 йилларда ҳукмронлик қилган) ўзининг 12 авлоди қуршовида. Миниатюрани XVIII асрнинг иккинчи чорагида Муҳаммад Афзал Абу Фақируллоҳ-хон чизган.

Чап томонда: Мироншоҳ ибн Амир Темур (1366 – 1408), Абу Саʻид ибн Султонмуҳаммад (1451 – 1469 йилларда ҳукмронлик қилган), Бобур ибн Умар Шайх (1526 – 1530 йилларда ҳукмронлик қилган), Шоҳ Акбар ибн Хумоюн (1556 – 1605 йилларда ҳукмронлик қилган), Шоҳжаҳон ибн Жаҳонгир (1628 – 1658 йилларда ҳукмронлик қилган), Баҳодуршоҳ ибн Оламгир (1707 – 1712 йилларда ҳукмронлик қилган).

Ўнг томонда: Султон Муҳаммад ибн Мироншоҳ (1450 йилда вафот этган?), Умаршайх ибн Абу Саʻид (1469 – 1494 йилларда ҳукмронлик қилган), Ҳумоюн ибн Бобур (1530 – 1540 ва 1555 – 1556 йилларда ҳукмронлик қилган), Жаҳонгир ибн Шоҳ Акбар (1605 – 1627 йилларда ҳукмронлик қилган), Оламгир ибн Шоҳжаҳон (1658 – 1707 йилларда ҳукмронлик қилган), Жаҳондоршоҳ ибн Баҳодуршоҳ (1712 – 1713 йилларда ҳукмронлик қилган).