"Темурийлар насабномаси": Ер шари устида турган Аврангзеб

Ҳиндистоннинг Рампур шаҳридаги Раза кутубхонасида сақланаётган Ўзбекистонга оид адабий мерос — "Темурийлар насабномаси"даги миниатюралар туркуми билан таништиришда давом этамиз.

Аввалги мақолаларда Амир Темур саройи ва унинг 12 авлоди акс этган ҳамда Бобурийларнинг тўртинчи вакили Нуриддин Муҳаммад Жаҳонгир тасвирланган миниатюралар билан таништиргандик. Бу гал Бобурийлар авлоди – Аврангзеб Оламгир тасвирланган миниатюраларга, хусусан рамзий портретига тўхталамиз.

Абу Музаффар Муҳйиддин Муҳаммад Аврангзеб Оламгир (Аврангзеб форс тилида “тахт зийнати”, Оламгир эса “оламни забт этувчи” деган маънони англатади) 1658-1707 йилларда ҳукмронлик қилиб, Ҳиндистон ярим оролини Ислом байроғи остида бирлаштирган. У фиқҳ илми, араб, туркий, форс тиллари ҳамда хаттотликни ўрганган. Унинг даврида масжидлар, мактаблар, шифохоналар ва ҳаммомлар бунёд этилиб, йўллар тузатилиб, сайил боғлар фойдаланишга топширилган. У пайтда Деҳли жаҳон марказига айланган. 

Маълумотларга кўра, Аврангзеб Оламгир умри ниҳоясида фарзандларига ўз қўли билан ип йигириб, бозорга яширин сотиб тўплаган пулига олган беш рупиялик кафанига ўраб кўмишларини васият қилган. Шунингдек, унга атаб мақбара қуришларини ман қилган. Фарзандлари отаси оламдан ўтгандан сўнг, бор-йўғи 300 рупияси бўлганлигига гувоҳ бўлади. 

Бу миниатюрада Аврангзеб Ер шари устида қилич, найза ва қалқон тутган ҳолатда тасвирланган. Ер шарида шер ва эчки расми бор. Елкасига юпқа шарф ташланган, боши узра заррин гардиш чизилган. Яшил фон четларида кичик ўлчамдаги аскарлар расмларини кўриш мумкин. Тепада булутлар устида путти (чақалоқ фаришталар) ётибди, улардан бири ҳукмдор устидан тилла сочмоқда.

Эслатиб ўтамиз, "Мирот ал-Ашбоҳ Салотини Осмонжоҳ" (ёки  "Темурийлар насабномаси") муаллифи — Муҳаммад Фаҳриддин Ҳусайн Деҳлавий. Асар Баҳодиршоҳ-2 буюртмасига кўра, ҳижрий 1849-1850 йилларда ёзилган. Суратлар Ғулом Алихон ва Бобир Алихон томонидан чизилган. Қўлёзма 60 та миниатюрани ўз ичига олади.