ТОШКЕНТДА «ШАРҚ РЕНЕССАНСЛАРИ ФЕНОМЕНИ: САЛТАНАТЛАР, ДИНЛАР, ШАХСЛАР ВА ТАМАДДУНЛАР» МАДАНИЙ МЕРОС ҲАФТАЛИГИНИНГ ОЧИЛИШ МАРОСИМИ
Тадбир давомида иштирокчиларни расмий шахслар қутлаб, ҳафталикнинг вазифалари, яқин кунларда ўтказиладиган тадбирлар ва уларда муҳокама қилинадиган мавзулар ҳақида батафсил маълумот беришади. Хусусан, ўзига хос кўргазмалар ўтказиладиган жойлар, илмий форумлар ва мунозаралар бўлиб ўтадиган майдонлар ҳақида гапирилади.
Шунингдек, халқаро илмий жамоа вакиллари – Ислом тарихи, санъати ва маданияти тадқиқот маркази (IRCICA) бош директори ўринбосари Чингиз Томар, Намиқ Кемал университети тарих кафедраси профессори Халит Эрен (Туркия), Wilmotte & Associates етакчи дизайни ва лойиҳалар раҳбари Эммануэль Брелло (Франция), Берлин давлат кутубхонаси Марказий Осиё бўйича етакчи мутахассиси, илмий ходим Айсима Мирсултан (Германия), Истанбулдаги Ислом цивилизацияси сайлгоҳи раҳбари, Истанбул Қуръони ноёб нусхалари муаллифи Ҳусайн Қутлу (Туркия), Михо музейи махсус илмий ходими, фан доктори Сергей Лаптев (Япония) ва бошқа дунё миқёсидаги экспертларнинг махсус чиқишлари бўлиб ўтади.
Очилиш маросими доирасида Янги Ўзбекистонда давлат томонидан фан, маданият ва таълим соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида ҳужжатли фильм намойиш этилади. Фильмда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг маданий меросни ўрганиш ва сақлаш бўйича кўрсатаётган саъй-ҳаракатлари, шунингдек, таълим дастурларини жорий этиш ва WOSCU конгрессларини ўтказиш каби ташаббуслари ёритилади. Бу ташаббуслар нафақат Ўзбекистон маданияти ва тарихини хорижда намойиш қилишга, балки чет эллик ҳамкорлар билан тажриба алмашишга хизмат қилади.
Ҳафталик иштирокчилари WOSCU VIII Халқаро конгресси ва Ислом цивилизацияси маркази ҳақида ҳикоя қиладиган яна бир ҳужжатли фильм билан танишадилар. Бу Шавкат Мирзиёевнинг маърифат орқали жаҳолатга қарши курашиш, маънавий қадриятларни асраб-авайлаш ва ижтимоий муносабатларни яхшилаш бўйича ғоялари доирасидаги маданий-гуманитар мега-лойиҳа ҳисобланади.
Тошкентдаги Маданий мерос ҳафталигининг асосий мақсади мамлакатнинг тарихий ва маданий меросини, айниқса, ёшлар орасида оммалаштириш, Ислом цивилизацияси марказини тақдим этиш ва музей заллари ҳамда кутубхонани янада бойитиш учун ҳамкорлар топиш, шунингдек, Имом Бухорий мажмуасидаги музей лойиҳаларини қўллаб-қувватлашдир.
Таъкидлаш жоизки, ҳафталик давомида Тошкентда 8 та илмий майдонда кўргазмалар бир вақтнинг ўзида очилади. Хусусан, Ўзбекистон Давлат тарих музейида «Археология ва этнография дурдоналари» кўргазмаси, WOSCU конференц-залида «Қуръон: тинчлик, эзгулик ва маънавий уйғониш ёғдуси» кўргазмаси, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида «Асрлар хазинаси: Ўзбекистон қўлёзма мероси» кўргазмаси, Темурийлар тарихи давлат музейида тематик кўргазма, Кино саройидаги Кинематография тарихи музейида махсус кўргазма, Ислом цивилизацияси марказида «Тарихий фикр дурдоналари» кўргазмаси ўтказилади. Шунингдек, Адиблар аллеяси бўйлаб экскурсиялар ва Ислом цивилизацияси марказида лойиҳалар кўргазмаси ташкил этилади.