Қулфтошлар – Оролбўйи халқларининг ижтимоий тарихини ўрганиш учун ноёб манба

Кўриниши қадимги туркий анъаналарга бориб тақалувчи ранг-баранг шаклларга эга қабртошлар. Бугунда мусулмон қабртошлари сифатида ҳам маълум. Улар қўйтош, сағана деб аталадиган мақбараусти иншоотлар ёки мақбараларнинг фақат кунботар томонидан ўрнатилган.

Қулфтошлар оч ва қўнғир рангдаги қумтош ва камдан-кам ҳолларда донадор мармардан ясалган. Улардаги битиклар ўзига хос бўлиб, маҳаллий тиллар (қозоқча, қорақалпоқча) шевасида ёзилган айрим арабий иборалар учрайди. Эпитафиялар – бағишловномалар марҳум ҳақидаги қисқача маълумотларни, яъни қайси қабила ва аймоққа мансублиги, дафн этилган кишининг исми, вафот этган йили, баъзида қабртошни ўрнатган кишининг исми, марҳум (марҳума)нинг ёши, тамғани ўз ичига олади.

Бу қабристон мажмуаларининг эпиграфик материаллари Оролбўйи халқлари, жумладан қорақалпоқлар ижтимоий тарихини ўрганиш учун ноёб ва аҳамиятли манба ҳисобланади. Биринчидан, қабртош устига маълум бир уруғ ёки аймоққа тегишли бўлган махсус белгилар – нишоналар қўйилганини кузатамиз. Бу ниҳоятда камдан-кам учрайдиган ҳодиса. Иккинчидан, қулфтошлар шаклининг ўзи ҳам, улардаги нақшинкор безаклар ҳам бу халқларнинг қадимий санъатида коропластика, кичик ҳайкалчалар ва меъморий шакллар тарихининг кам ўрганилган жиҳатларидан биридир. Учинчидан, қаршимизда ҳозирга қадар маълум бўлган қабртош маҳобатли битикларининг дастлабки намуналари намоён бўлади.

Шундай қулфтошлар Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманидаги Довуд ота, Пайғамбар қизи ёдгорликларида, Хўжайлидаги “Мазлумхон сулув” мақбарасида, Қонликўлда Ризо бобо қабристонида сақланиб қолган.