Ноёб сўзаналар ва темирдан ясалган буюмлар: Бутунжаҳон жамияти делегацияси Озарбайжон Миллий санъат музейида сақланаётган ўзбек тўплами билан танишди
Ноёб сўзаналар ва темирдан ясалган буюмлар: Бутунжаҳон жамияти делегацияси Озарбайжон Миллий санъат музейида сақланаётган ўзбек тўплами билан танишди
Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти делегацияси Боку шаҳрига ташриф буюриб, Озарбайжоннинг етакчи музейлари раҳбарлари билан учрашди. Учрашувларнинг асосий мавзуси Озарбайжон музейларида сақланаётган ўзбек тўпламларига бағишланган “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” туркумига оид китоб-альбомларни тайёрлаш жараёнини муҳокама қилиш бўлди.
Ушбу китоб-альбомларга Озарбайжоннинг етакчи музейлари – Озарбайжон Миллий санъат музейи, Озарбайжон Миллий тарихи музейи, Миллий гилам музейи, шунингдек, Муҳаммад Фузулий номидаги Озарбайжон Миллий Фанлар Академияси қўлёзмалар институтида сақланаётган Ўзбекистонга оид артефактлар киритилиши режалаштирилган.
Бутунжаҳон жамияти делегациясининг ташрифи давомида Санъат музейи директори Чингиз Фарзалиев билан музокара ўтказилди, унда нашр этилиши режалаштирилаётган китоб-альбом билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Озарбайжон Миллий санъат музейида турли мамлакатлар ва халқлар маданияти ва санъатига оид кўплаб қизиқарли экспонатлар сақланиб келинмоқда. Музейнинг Ўзбекистонга оид тўпламидан XIX аср охирига оид сўзаналар, қуроқ усулида тикилган дастурхонлар, кумушдан ясалган ноёб идиш-товоқлар, таҳорат учун мўлжалланган тўпламлар, қўлда ясалган камарлар ва бошқа ноёб буюмлар ўрин олган.
“Биз Бутунжаҳон жамиятининг ташаббусини олқишлаймиз. Халқларимиз Ўзбекистон маданиятига оид ушбу ажойиб дурдоналар билан яқиндан танишиши ниҳоятда муҳим, – деди учрашув давомида Озарбайжон Миллий санъат музейи директори Чингиз Фарзалиев. – Халқларимиз ўртасида мустаҳкам тарихий-маданий алоқалар ўрнатилган, ишончим комилки, китоб-альмобда чоп этиладиган материаллар Ўзбекистон ва Озарбайжон халқлари учун қизиқарли ва фойдали бўлади".