Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида илк бор Қуръони каримнинг энг қадимий нусхаларидан бири Усмон Мусҳафи тарихи ҳақида илмий-оммабоп китоб тайёрланмоқда.
Марказ ахборот хизмати маълум қилишича, китобда VII асрда кўчирилган ва ҳозирги кунда Ўзбекистонда сақланаётган Усмон Мусҳафининг келиб чиқиши, тарихий йўли, палеографик хусусиятлари, диний ва маданий аҳамияти кенг ёритилади. Китоб нашр этилгач, у Ислом цивилизацияси маркази экспозицияси таркибига киритилади ва ташриф буюрувчиларга ушбу ноёб Қуръон қўлёзмаси ҳақида батафсил маълумот бериш имконини яратади.
Лойиҳанинг асосий мақсади – Ўзбекистон ҳудудида сақланаётган бу нодир тарихий манба орқали ислом илм-фанининг юксак савиясини, мусулмон дунёсининг илк даврлардаги ёзув маданияти ва Қуръонни кўчириш анъаналарини кенг жамоатчиликка танитиш. Бу буюк тарихий ва маданий меросларимизни ўрганиш, асраш ва тарғиб этиш йўлида яна бир муҳим қадамдир.