Тошкентда “101 рейс” фильмининг катта премьераси бўлиб ўтди
Кеча Киночилар уйида Кинематография агентлиги буюртмасига биноан “Ёшлик” киностудияси томонидан суратга олинган “101 рейс” фильмининг премьераси ўтказилди.
Фильмда 2001 йил 11 сентябрь куни Боинг-757 самолёти экипажи ва йўловчилари билан содир бўлган воқеалар ҳақида ҳикоя қилинади. Бу парвоз тажрибали учувчи — Зариф Саидазимовнинг сўнгги, якунловчи парвози бўлган.
— Транспорт вазирлиги ва Uzbekistan Airways компаниясига, фильмни яратишда яқиндан ёрдам кўрсатганлари учун миннатдорчилик билдираман. Шунингдек, бу илк катта премьерани фильмдаги бош роллардан бирини яратган, аммо бугунги байрамни биз билан баҳам кўра олмаган севимли актёримиз Ҳошим Арслоновнинг хотирасига кўрсатилган эҳтиром ҳам эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман”, — дея изоҳлади Ўзбекистон Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов. — Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтказилаётган маданий-маърифий тадбирлар доирасида, фильмнинг илк намойиши Қашқадарёда бўлиб ўтган эди. Бугун эса, фильм илк бор катта экранда намойиш этилмоқда, — дея қўшимча қилди Агентлик раҳбари.
— "101-рейс" фильми ҳақиқий қаҳрамонлар ҳамиша орамизда эканлигини исботловчи фильм. Ушбу фильм, нафақат самолёт экипажи, балки хавф-хатарга дуч келганда кучларини йиғиб, ўзларининг энг яхши инсоний хислатлари билан бошқаларга ўрнак бўлганлар ҳақида, — дея изоҳ берди фильм режиссёри Акром Шоҳназаров.
Фильм асосида реал воқеалар ётади. Премьерада бош қаҳрамоннинг прототипи, учувчи, Ўзбекистон Қаҳрамони Зариф Саидазимов ҳам иштирок этди. Фильм ижодкорлари, бош қаҳрамонга эҳтиром кўрсатиб, фильмда унинг исм-фамилиясини ўзгартиришсиз қолдирдилар. Айнан шу инсон, 2001 йилнинг 11 сентябрида жасорат кўрсатиб, тарихий ва қаҳрамонона парвозни амалга оширган.
Намойиш аввалида Зариф Саидазимовга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилиб, гулдасталар тақдим этилди.
— Залдаги томошабинларнинг қўллаб-қувватлаб турганларини кўриш жудаям мароқли. Ва албатта, бу муҳим парвоз ҳақида бутун бир фильм суратга олинганидан жудаям хурсандман, — деди Зариф Саидазимов.
Бош роль ижрочиларидан бири актёр Умид Искандаров ҳам ўз таассуротлари билан бўлишди.
— Премьерани узоқ кутдик. Бугун ижодий жамоа учун катта бир байрам. Менинг фильмографиямда "101 рейс" фильмининг алоҳида ўрни бор. Ҳеч бўлмаганда, съёмкаларнинг давомийлиги нуқтаи назаридан. Улар жуда узоқ давом этди ва ишларимнинг энг қизиқарлиси бўлди, — деди актёр.
