2019 йилнинг 12 декабрь куни соат 16:00да Ўзбекистон Бадиий Академияси Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида япониялик археолог, тарихчи ва этнограф Като Кюдзонинг порлоқ хотирасига бағишланган “Ўзбекистондаги ҳаёти ва фаолияти” номли фотокўргазманинг очилиши бўлиб ўтди.
Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги илмий алоқалар ривожига катта ҳисса қўшган япониялик олим Като Кюдзо 1922 йилнинг 18 майида туғилган. У Сока (Осака) университети профессори, тарихчи, этнограф-археолог, таржимон. 20га яқин илмий тадқиқот ва мақола муаллифи эди.
Япон олими 40 йилга яқин йиллар давомида Ўзбекистонда илмий тадқиқотлар ўтказди. Профессор Като узоқ йиллар Сурхондарё вилоятида жойлашган Далварзинтепа, Қоратепа ва Фаёзтепа ёдгорликларида буддани ўрганиш мақсадида уюштирилган халқаро ўзбек – япон экспедицияларининг тадқиқотларига раҳбарлик қилди.
Като Кюдзо Сурхон воҳасида сақланиб қолган буддавийлик ибодатхоналари ва археологик ёдгорликларни чуқур ўрганган. Унинг “Термиз ҳақида”, “Ўрта Осиёда Буддавийлик ёдгорликлари тарихи”, “Хоразм”, “Ўрта Осиё ёдгорликлари бўйлаб саёҳат” каби асарлари нашр қилинган.
Олимнинг соҳадаги хизматлари Ўзбекистон ва Япония давлатлари томонидан муносиб баҳоланган. Ўзбекистон – Япония дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва мамлакатимизни дунёга танитишдаги самарали хизматлари учун 2002 йилда Като Кюдзо “Дўстлик” ордени билан тақдирланди.
Ўзбекистондаги тарихий обидаларда олиб борган 20 йиллик илмий – тадқиқот ишлари учун Япония давлатининг “Тўпбарггул ҳошияли тилла рангдаги муқаддас хазина” Олтин ордени билан мукофотланган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Санъатшунослик институти фахрий доктори унвонига сазовор булган. Шу билан бирга Термиз шаҳрининг фахрий фуқаролигига қабул қилинган.
Япон олими ўз она тилисидан ташқари, ўзбек, рус, инглиз, француз тиллардаги китобларни бемалол мутолаа қилган. У ўзининг барча шогирдларидан ўзбек тилини мукаммал ўрганишларини талаб қилган экан. Бу талабини Като шундай изоҳлаган: “Ўзбек тилини билиш – бу барча тилларга калит топиш, туркий тилларни билиш эса, бу –демак Буюк Ипак йўли эшигини очиш билан баробар”.
Като мустақилликкача ва дастлабки йилларида 100 мартадан кўпроқ юртимизга сафар уюштирган. Охир – оқибат у шу ерда яшаб қолган ва ўз олимимизга айланган.
Като Кюдзо ўзбек халқини жуда севар эди. У заминимизни иккинчи Ватани деб атаган.
У 2016 йил 12 сентябрда Термизда вафот этди.
Като Кюдзо ҳаёти тарихда қолди. Унинг эзгу ишлари бугунги кунда ҳам мамлакатларимиз ҳамкорлиги ривожига ва халқларимиз дўстлиги мустаҳкамланишига хизмат қилиб келмоқда.
Кўргазма 17 декабрьгача давом этади.
Источник: International Caravanserai of Culture of Ikuo Hirayama