Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича  Бутунжаҳон жамиятининг  V Конгресси: натижалар, фактлар, рақамлар, режалар

 

Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича  Бутунжаҳон жамиятининг  V Конгресси: натижалар, фактлар, рақамлар, режалар

 Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ЮНЕСКО шафелигида ўтказилаётган «Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида» мавзусидаги халқаро маданий форум доирасида Ўзбекистонда Маданий мерос ҳафталиги ва Бутунжаҳон жамиятининг «Ўзбекистон маданий мероси – янги Ренессанс пойдевори» мавзусидаги V юбилей конгресси ҳам ўтказилди. Жорий йилда тадбирлар Республикамизнинг учта шаҳрида – Тошкент, Хива ва Нукусда ўтказилади.

Конгресс учун «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» туркумидан 15 та янги китоб-альбомлар тайёрлаб қўйилди. Бугунги кунга келиб мазкур туркумдаги китобларнинг умумий сони элликтага етди. Ҳиндистон заминидаги Бобурийлар меъморий ёдгорликларида сақланган эпиграфик ёзувлар сирларининг очилиши ва ўқилишига бағишланган жилдни тайёрлаш бўйича бошланган ишларнинг якунлангани V Конгресс лойиҳасининг ўзига хос ютуғи бўлди. Ушбу жилд «Ўзбекистон меъморий эпиграфикаси» туркумининг тадрижий давоми ўлароқ нафақат мамлакатимиз, балки хориждаги ёдгорликлар билан боғлиқ илмий-тадқиқот ишлари бошланишининг ҳам ўзига хос рамзи бўлди. Биринчи жилд устида олиб борилган ишлар натижаларига кўра, умумий маданий меросимиз бўлган Қозоғистон ва Эрондаги ёдгорликларда сақланиб қолган эпиграфик меросни, хусусан, Темурийлар даврида яратилган Эрон меъморчилигини ўрганиш ишларини бошлашга ҳам қарор қабул қилинди.

Бундан ташқари, яна 6 та совға альбомлари ҳам нашр этилди. Улар орасида кўплаб иллюстрациялар билан безатилган расмли китоблар бор: 4 та жилд Ўзбекистон санъати дурдоналарига, 1 та иллюстрацияли альбом Риштон кулолчилигига ва яна 1 та альбом Камолиддин Беҳзод миниатюраларига бағишланган.

Конгресс учун китоб-альбомлар тақдимотига бағишланган ўнга яқин ноёб кўргазмалар тайёрланди. Булар «Камолиддин Беҳзод миниатюралари» фотокўргазмаси, Жалол Усмоновнинг «Мушоҳада метафизикаси» номли расмлар кўргазмаси ва мультимедиа лойиҳаси, Ўрта Осиё маданиятини тадқиқ қилган археолог Леон Семёнович Барщевскийнинг фотокўргазмаси, Ўзбекистоннинг ажойиб қўлёзма асарлари кўргазмаси, «Ўзбекистон тарихи фотосуратларда – мозийни кашф этиб» мазусидаги фотокўргазмаси, Риштон кулолчилик буюмларининг эксклюзив кўргазмаси, шунингдек, «Замонавий илм-фанда 3D технологиялардан фойдаланиш» номли махсус экспозиция  аниқроғи Шаҳрисабз ва Самарқанд ёдгорликларига виртуал саёҳат уюштирилади.

Конгресснинг 12 та секциясида олиб борилган ишлар жараёнида дунёнинг 40 дан ортиқ давлатидан 250 дан ортиқ олимлар иштирок этишди. Улардан 9 нафари академик, 63 нафари фан доктори, 66 нафари профессор, 28 нафари доцент ва 28 нафари фан номзоди, 40 нафардан кўпроғи эса музей, кутубхона, илмий муассасаларнинг раҳбарларидир. Тошкентда уларнинг 100 га яқин ҳисоботлари тингланди. Шунингдек, Бутунжаҳон жамияти олимлари Хива ва Нукусда бўлиб ўтадиган Халқаро форум ва маданий мерос ҳафталигининг секция йиғилишларида ҳам иштирок этишади. Секция  йиғилишлари шу пайтгача амалга оширилган ишлар билан бирга  Бутунжаҳон жамиятининг келгусида мақсад қилиб қўйган амалий режаларига ҳам бағишланган. Маърузаларнинг бу қадар кўплиги V  Конгресс учун олимлар томонидан амалга оширилган ишларнинг кенг кўламли экани ва улуғворлигидан далолат беради.

Конгреснинг энг сансацион воқеаси буюк ҳукмдор Мирзо Улуғбекнинг буюртмасига кўра яратилган «(Китаб ас сувар ал кавакиб)»Ҳаракатсиз юлдузлар китоби факсимиле нашрининг тақдимоти бўлди. Мазкур нодир факсимиле нашр Австриянинг Mueller&Shindler  нашриёти томонидан Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти билан ҳамкорликда яратилган. Ушбу қўлёзма Франция Миллий кутубхонаси фондида сақланади. Бу энг машҳур қадимий қўлёзмаларнинг еттинчи факсимиле нашри ҳисобланади.

Конгрессни ёритиш учун 30 дан ортиқ хорижий ОАВ, 50 дан ортиқ маҳаллий ОАВ ташриф буюришди. Айни пайтда Конгресс фаолияти билан боғлиқ 200 га яқин материаллар хорижий ва маҳаллий нашрларда чоп этилган.

 

Конгресс иштирокчилари, Бутунжаҳон жамиятининг аъзолари лойиҳанинг истиқболдаги режаларини белгилаб олдилар. Улар орасида хорижий коллекцияларда сақланаётган «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» туркумидаги янги китоб-альбомлар, хусусан  Ханенко номидаги Украина музейида, Давлат Эрмитажида, Венгриянинг музей ва кутубхоналарида, Хитой, Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа мамлакатларнинг илмий тўпламларида сақланаётган миллий маданий меросга бағишланган. Шунингдек, Бухоро ва Термиз музейларининг маданий меросига оид китоб-альбомлар устида ҳам иш олиб бориш режалаштирилган. «Ўрта Осиёнинг қадимги даврдан то ХХ асргача бўлган картографик репрезентацилар тарихи» лойиҳаси ҳам кенг кўламда олиб борилади.

Конгресснинг сўнги босқичида «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» лойиҳасининг келгуси йилга мўлжалланган режалари  белгилаб олинди.

Ўзбекистон ҳукуматининг ташкилий ва молиявий кўмагида ўтказилаётган ушбу тадбирларнинг ташкилотчилари Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти ҳамда ЮНЕСКО кўмагида иш олиб бораётган Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Туризм ва спорт вазирлиги, Маданият вазирлиги, «Eriell Group» нефт-сервис компанияси ҳисобланади.