Минскда “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” туркум китоб-альбомларининг кўргазмаси бўлиб ўтмоқда
Минскда “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” туркум китоб-альбомларининг кўргазмаси бўлиб ўтмоқда
МДҲнинг Минскдаги штаб-квартирасида “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” туркумидаги нашрларнинг 35 та жилди кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.
Кўргазмада “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” туркумининг суратли нашрлари, китоб-альбомлар, ўзбек халқининг амалий-безак санъати намуналари, Марказий Осиёнинг ўрта асрларда яшаган олимлари ва мутафаккирларига тегишли нодир қўлёзма асарлар миниатюралари нусхалари намойиш этилмоқда.
Экспозицияни Ўзбекистоннинг қадимги тарихи билан боғлиқ бўлган ва дунёнинг турли музейларида сақланаётган экспонатларни намойиш этувчи видеоролик тўлдиради.
Кўргазма МДҲ Ижроия қўмитаси ходимлари ва меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
“Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” кўп жилдли тўплами – ўзбек халқининг тарихий-маданий марваридлари жамланган ажойиб дурдонадир”, – деди Ижроия қўмитаси раиси – МДҲ Ижрочи котиби ўринбосари Бекетжан Жумаханов.
Қайд этиб ўтамиз, Минскдаги Ўзбекистон Республикаси элчихонаси ва Беларусь Республикаси Президенти кутубхонаси томонидан ташкил этилган кўргазма МДҲда Халқ ижодиёти ва маданий мероси йилида бўлиб ўтмоқда.