Тошкентда Халқаро балет фестивали бўлиб ўтади
2023 йил 1 мартдан 19 мартгача Тошкент шаҳридаги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат академик Катта театрида Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан ташкиллаштирилган Халқаро балет фестивали бўлиб ўтади. Фестиваль доирасида турли мамлакатларнинг энг нуфузли балет мактаблари, труппалари ва хореографлари томонидан тайёрланган машҳур спектаклларни томоша қилишингиз мумкин.
Кенг кўламли дастурда Акрам Хон (Буюк Британия) режиссёрлигидаги “Жунгли китоби янги талқинда" балети (Буюк Британия), “Лозаннадаги Морис Бежарт балети” (Швейцария) томонидан тақдим этилган ёрқин намойишлар оқшоми, ўрин олган. Шунингдек, Борис Эйфман номидаги балет театрининг (Россия) "Пигмалион эффекти" ва “Евгений Онегин” спектакллари, шунингдек, “Ипак йўли” ҳамда “Лазги – қалб ва муҳаббат рақси” миллий балетлари (Ўзбекистон) ҳам томошабинлар эътиборига ҳавола этилади.
Чипталар тез орада iticket.uz сайтида сотилади.