Бутунжаҳон жамияти Озарбайжонда сақланаётган Ўзбекистонга оид нодир қўлёзмаларга бағишланган китоб-альбом нашр этади
Бутунжаҳон жамияти Озарбайжонда сақланаётган Ўзбекистонга оид нодир қўлёзмаларга бағишланган китоб-альбом нашр этади
Бутунжаҳон жамияти олимлари Озарбайжон Миллий фанлар академияси Муҳаммад Фузулий номидаги Қўлёзмалар институти фондида сақланаётган ўзбек мутафаккирларининг ноёб қўлёзмаларига бағишланган китоб-альбомни нашрга тайёрламоқда.
“Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” туркумига оид иллютрацияланган китоб-альбомга ўзбек олимлари, шоирлари, маданият арбобларининг араб, форс ва ўзбек тилларидаги 90 дан ортиқ қўлёзмалари киритилади. Улар орасида Алишер Навоий, Бобур, Абу Али ибн Сино, Имом ал-Бухорий, Улуғбек, Жомий каби буюк мутафаккирларимизнинг асарларини учратиш мумкин.
Озарбайжон Миллий Фанлар академияси Муҳаммад Фузулий номидаги Қўлёзмалар институти илмий котиби, доцент, профессор Азизоға Нажафов янги китоб устидаги ишлар қандай кетаётгани ҳақида гапириб ўтди.
“Биз альбомга киритиладиган қўлёзмалар рўйхатини тузиб чиқдик ва тасдиқладик. Институтда сақланаётган қўлёзма асарлар ҳақида кириш материали тайёрланмоқда. Улар чиндан ҳам ноёб қўлёзмалардир. Уларнинг кўпчилиги олтин безаклар билан безатилган ёки ажойиб кўринишга эга муқоваларга ўралган. Китоб-альбом тадқиқотчилар, ёшлар ва кенг жамоатчилик учун қизиқарли материаллардан ташқари, Ўзбекистоннинг бой қўлёзма мероси билан визуал тарзда танишиш имконини берувчи кенг иллюстратив туркумни ҳам ўз ичига олган. Режаларимизга кўра, китобнинг макети жорий йил охирига қадар тайёр бўлиши лозим.”, — деб маълумот берди Азизоға Нажафов.
Таъкидлаш жоизки, мазкур китоб устида олиб борилаётган ишлар Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорликнинг илк тажрибаси ҳисобланади. Мутахассислар шунингдек, учта музей – Озарбайжон тарихи миллий музейи, Миллий гилам музейи ва Озарбайжон миллий санъат музейида сақланаётган ўзбек тўпламларига бағишланган китоб-альбомларни нашр этишни режалаштирган.