БУТУНЖАҲОН ЖАМИЯТИ ТОМОНИДАН КАМОЛИДДИН БEҲЗОД ҲАҚИДАГИ КИТОБ-АЛЬБОМ ТАҚДИМОТИ ЎТКАЗИЛДИ

БУТУНЖАҲОН ЖАМИЯТИ ТОМОНИДАН КАМОЛИДДИН БEҲЗОД ҲАҚИДАГИ КИТОБ-АЛЬБОМ ТАҚДИМОТИ ЎТКАЗИЛДИ

“Камолиддин Беҳзод ижоди жаҳон олимлари нигоҳида” мавзусида ташкил этилган халқаро илмий анжуман доирасида "Монийни хижолатда қолдирган Камолиддин Беҳзод" номли ноёб китоб-альбомнинг тақдимоти ўтказилди.

Альбомнинг "Монийни хижолатда қолдирган  Камолиддин Беҳзод" деб номланишининг тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Ўрта асрларда ҳиротлик миниатюрачи рассом истеъдодига кўпчилик қойил қолар, у маҳорати бобида ҳатто III асрда яшаб ўтган, монийлик дини асосчиси, машҳур рассом Монийни ҳам ортда қолдирган, деб ҳисоблашган.  

Китоб-альбомнинг ўзига хослиги шундаки, уни тайёрлаш вақтида Британия кутубхонаси, Фрир галереяси, Тўпқопи саройи тўплами, Гулистон саройи кутубхонаси, Метрополитен музейи, Россия миллий кутубхонаси, шаҳзода Садриддин Оғахон тўплами ва бошқа кўплаб жамланмаларда сақланаётган миниатюралар ўрганиб чиқилган ва нашр этилган. Бутунжаҳон жамияти саъй-ҳаракатлари билан ноёб миниатюралар тадқиқотчилар ва Мусулмон Шарқи санъати мухлисларининг эътиборига ҳавола этилмоқда.

Нашр куратори Зуҳра Раҳимова "Монийни хижолатда қолдирган Камолиддин Беҳзод" альбомини тайёрлаш сирлари ҳақида маълумот берди.

– Ўтган йили, яъни 2021 йилда ўрта асрнинг атоқли миниатюра устаси Камолиддин Беҳзод таваллудининг 565 йиллиги муносабати билан “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳаси муаллифи ва раҳбари Ф.Абдухолиқов томонидан миллий ва хорижий китобхонлар учун мўлжалланган альбом яратиш ташаббуси илгари сурилган эди.

Камолиддин Беҳзод ижоди Ўзбекистон маданияти ва тарихида алоҳида ўрин эгаллаган, шунинг учун альбом нашр этиш ғояси ниҳоятда долзарб. Чунки, Камолиддин Беҳзодга бағишланган кўплаб асарлар яратилганлигига қарамай, рассомнинг ижоди билан асосан мутахассислар таниш бўлган, кенг омма, айниқса ёшлар учун мўлжалланган бу каби нашрлар чоп этилмаган.

-Беҳзод ўз даврида йирик миниатюра мактабини яратган етук мусаввир ҳисобланади, - дейди Франциядаги Темурийлар ассоциацияси раҳбари, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти аъзоси Фредерик Брессанд.

Тадбир давомида Туркия, Эрон, Озарбайжон, Франция ва Ҳиндистондан ташриф буюрган олим ва тадқиқотчилар мусаввирнинг миниатюра санъатига қўшган беқиёс ҳиссаси, жаҳон тасвирий санъати тарихидаги алоҳида ўрни ҳақида сўз юритишди.