WOSCU тўпламидаги нодир экспонатлар: Бобурийларнинг ханжар дасталари

ХVII–ХVIII асрларда Ҳиндистонда яратилган Бобурийлар даврига оид ханжар дасталари бугун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида сақланмоқда ва уларнинг барчаси WOSCU тўпламига мансуб нодир экспонатлар ҳисобланади.

Бобурийлар даврида қуролсозлик фақат жанговар эҳтиёж билан чекланмаган, балки ҳукмдорлик рамзи, сарой диди ва сиёсий мавқеини ифодаловчи муҳим бадиий соҳалардан бирига айланган. Айниқса, ханжар дасталари қуролнинг энг кўзга ташланадиган қисми сифатида алоҳида эътибор билан ишланган.

  • Mарказдаги биринчи ханжар дастаси узунлиги 16 сантиметр бўлиб, ҳайвон боши шаклида фил суягидан ишланган. Чўзилган бўйин ва стилизация қилинган бош қисми қудрат, ҳушёрлик ва назорат рамзи сифатида талқин қилинади. Табиий ранг сақланган ҳолда ишлангани эса дастани ортиқча безакларсиз, аммо мазмунан бой санъат асарига айлантирган.
  • Иккинчи ханжар дастаси 13 сантиметр бўлиб, у ҳам фил суягидан ишланган. Унда ҳайвон образи янада аниқ ифодаланган: бош қисми юмалоқ, кўз ва тумшуқ чизиқлари равшан ўйилган. Пастки қисмнинг кенгайган шакли дастанинг қўлга маҳкам ўрнашишини таъминлайди. Бундай дасталар, одатда, сарой маросимларида тақилган.
  • Учинчи — шер шаклидаги ханжар дастаси Бобурийлар даври бадиий тош ўймакорлигининг энг нафис намуналаридан бири ҳисобланади. Нефритдан ишланган, тахминан 11 сантиметрли бу даста нафақат эстетик, балки рамзий жиҳатдан ҳам алоҳида аҳамиятга эга.

Қайд этиш керак, Бобурийлар иконографиясида шер ҳукмдорлик, жасорат ва олий ҳокимият рамзи ҳисобланган.