XII асрга оид қайроқ қабртош. Бухорога қандай келиб қолган?

Бухоронинг Шаҳристонида XVI асрда яшаган шоир ва суфий Мулла Пайравий номи билан аталган гузар таркибида бир кутубхона бор.

ХIХ асрга оид ушбу кутубхона қурилиши, ривоятларга кўра, Хожа Муҳаммад Порсо номи билан боғлиқ.

Китобхонанинг ғарбий равоғида бахшида ёзуви бўлган 48×13 сантиметрли қайроқ қабртош ҳам турибди, унда: "Аҳмад ибн Аммор ал-Ансорий" деган битик ёзилган.

Бу Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор [шайх], фақиҳ Аҳмад ибн Аммор ал-Ансорий ал-Ҳофийнинг қабридир. Ул зот беш юз олтмиш учинчи йилнинг ражаб ойида (1168 йил апрель – май ойида) вафот этди.

Қизиғи шундаки, бу Бухорода мақбарада қайроқ ишлатилган бирдан-бир ҳолат бўлиб, XI – XIV асрларда қайроқ асосан Самарқандда, Фарғона водийсида ва қисман Тошкентда қабр тоши сифатида ишлатилгани маълум.

Шунинг учун ҳам қабртош бошқа қабристондан (вилоятлар чегарасида жойлашган мозордан) келтирилган деб таъкидлашга асос мавжуд.