Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан тарихда кузатилмаган улкан ишлар амалга оширилди: аждодларимиз томонидан юртимиз ҳудудида ишланган, тайёрланган, нусха кўчирилган, бироқ, хорижга олиб кетилган ва уларнинг музейларида сақланаётган ноёб буюмлар қайтарилди. Бу ҳақда «Замон» информацион дастури лавҳа тайёрлади.
Ислом цивилизацияси маркази делегацияси турли давлатларда сафарда бўлиб, ноёб буюмларнинг 2 мингтасини ватанга қайтарди. Асрлар оша бизгача етиб келган бу мерос Марказ экспозициясидан ўрин олади. Ҳозирда барча экспонатлар Марказ фондига жойлаштирилган бўлиб, олимлар томонидан ўрганилмоқда.
Хориждаги коллекциялардан, асосан, Британиядан олиб келинган 100 та экспонат орасида Каъба ёпинчиғи — кисва бўлаги, пайғамбаримиз Муҳаммад (САВ) мақбараларида маълум муддат фойдаланилган мато, кичик ҳажмли Қуръон (5 см), аждар бошли идишлар, ҳарбий анжомлар ва бошқа артефактлар бор. Аҳамиятлиси, уларнинг ҳаммаси асл нусхада.
Ўзбекистоннинг маданий меросини тиклаш борасидаги яна бир тарихий ютуғи — қадимги Бақтрия (ҳозирги Сурхондарё) хазиналарининг Лондондан Ватанга қайтарилиши бўлди. Қимматбаҳо тошлар (феруза, лазурит, оникс) билан безатилган тақинчоқлар, мил.авв. IV асрга оид қурол-аслаҳалар, ҳанжар ғилофлари ва бошқа уникал артефактлар Марказий Осиё ҳудудида исломдан анча илгаророқ ҳам юксак тараққий этган цивилизация мавжуд бўлганлигини яққол тасдиқлайди.
Қайтарилган дурдоналар минтақанинг кўп минг йиллик тарихи ва маданий давомийлигини намоён этади.