Замзам булоғига қиёсланган Работи малик сардобаси

Кармана шаҳридан Бухоро шаҳрига борадиган, эндиликда қадимий карвон йўли изидан ўтган йўл бўйида, шаҳардан 20 километрча ғарб томонда Работи Малик карвонсаройи – "Подшоҳ работи" жойлашган.

Мазкур иншоот ХI асрнинг 70 йилларида қорахонийлар сулоласи ҳукмдорларида бири Шамсулмулк Наср ибн Иброҳим (1068–1080) томонидан барпо этилган, ХII асрнинг биринчи чорагида эса айнан шу ҳукмдор сулолага мансуб Арслонхон Муҳаммад ибн Сулаймон (1102–1130) томонидан қайта таъмирланган эди.

Работи Малик карвонсаройида ўттиз метрча нарида сув манбаи – работ замондоши бўлган ўзига хос цистерна – диаметри қарийб 13 метр бўлган гумбаз билан қопланган Сардоба жойлашган. Думалоқ цистерна 12 метр чуқурликкача ер қаърига сингиб борган, салқин ичимлик сув эса бутун ёз давомида тоза сақланган. 

ХVI асрда яшаган бир муаллиф Работи Малик сардобаси сувини Маккайи мукаррамадаги Замзам булоғи зилол суви билан қиёслаган эди.

Работи Маликнинг асосий тадқиқотчи олималаридан бири карвонсаройни қорахоний сулоласи ҳукмдорларининг даштдаги қароргоҳи сифатида талқин ва таъриф қилган (Н. Немцева). Шундай бўлсада, мазкур карвонсарой ХVIII аср бошларига қадар ўзининг бирламчи вазифасини тўла-тўкис бажариб келди. Соҳибқирон Амир Темур, Бухорода ҳукмронлик қилган сулолаларга мансуб хонлар, элчилар, савдо карвонлари ва саёҳатчилар ана шу манзилга қўниб ўтишган.