Ўзбекистон мусиқа санъатига тегишли 3300 йиллик най қаерда?

Ўзбекистон ҳудудида мусиқа санъати тарихи узоқ йилларга бориб тақалади. Буни яққол исботловчи ноёб топилма – 3300 йиллик тарихга эга бўлган най Самарқанд яқинидаги Мўминобод қишлоғида топилган. Мазкур най нафақат юртимиздаги, балки Шарқ чолғу асбоблари ривожланишининг илдизларига оид муҳим маълумот манбаи саналади. 

1964 йилда Самарқанд вилояти Ургут туманида бронза-жез даврига оид қазишмалар олиб борилган. Мўминобод қишлоғидаги археологик тадқиқотлар давомида суякдан ясалган най, сопол парчалари ва бошқа буюмлар топилган. Ҳатто қабрдаги чақалоқ қўлларидаги қўнғироқсимон зирак ва бошқа безаклар бу ҳудудда ўша даврда ҳунармандчилик ва санъат тараққий этганлигини кўрсатади. 

Ҳозирги кунда ушбу най Самарқанд шаҳридаги Ўзбекистон маданияти тарихи музейида сақланмоқда. Шунингдек, най ҳақидаги ушбу тарихий меросни ёритиш мақсадида ҳужжатли фильм тайёрланиши ва найнинг замонавий нусхаси яратилиши режалаштирилган.