“Ўзбeкистон обидаларидаги битиклар” медиа-ивенти

8 апрель куни WOSCU Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти билан ҳамкорликда “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” туркумидаги китоблар тақдимоти ҳамда ташкилотлар, вазирликлар ва идораларга 20 жилд китоб-альбомларни олиш имконини тақдим этувчи сертификатларни топшириш маросимини ўтказди.

Лойиҳанинг амалга оширилиши Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз маданий-тарихий меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ва оммалаштиришга қаратилган шахсий ташаббусининг ёрқин натижаси бўлди. 
Ушбу фаолият мамлакатимиз тарихий обидаларида ёзилган қадимий битикларни ўрганишга қаратилган. Бугунги кунга қадар Ўзбекистоннинг барча ҳудудларига бағишланган, ўзбек, рус, араб ва инглиз тилларидаги 20 та кўп тилли китоб-альбомлар нашр этилди.
“Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” лойиҳаси Ўзбекистон ҳукуматининг ташкилий ва молиявий кўмагида WOSCU томонидан шерик ташкилотчилар билан ҳамкорликда бошланган.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти директори Баҳром Абдураҳимович Абдуҳалимов қутлов сўзи билан чиқиш қилди.
Тадбир давомида доктор Бахтиёр Бобожонов махсус тақдимот билан иштирок этди. 

“Изланишларимиз давомида мингдан ортиқ ҳунарманд, меъмор, рассом, хаттот ва шоирларнинг номларини аниқлашимиз мумкинлиги хаёлимизга ҳам келмаган эди! Биз бунёдкорлар ва саховатпеша ҳомийларнинг исм-шарифларини, кўп ҳолларда ёдгорликларни ким ва нима учун барпо этганини аниқлашга муваффақ бўлдик. Бу китоблар ортидан хориждан фақат мақтов, ижобий фикрларни эшитяпмиз ва тадқиқотларимиз маҳсулига талаб юқори бўлишига ишонамиз”, – деди доктор Бахтиёр Бобожонов.

Нашрлар орасида Қорақалпоғистон, Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Сурхондарё, Фарғона, Хоразм, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳри меъморий ёдгорликларидаги эпиграфик битикларга бағишланган китоб-альбомлар, Самарқанд меъморий тарихий мажмуалари – Регистон ва Шоҳизиндага бағишланган альбомлар бор.

“Бугун ушбу нашр этилган китоблар туфайли биз юртимиз обидаларидаги тарихий битикларнинг мазмун-моҳиятини англадик. Ҳар бир вилоятнинг ёдгорликларига бағишланган альбомларнинг нашр этилиши тарихимиз ва меросимизни англашда янги уфқларни очадиган чинакам эзгу ишдир. Энди бизда аждодларимиз томонидан қолдирилган тарихий номаларни тушунишга ёрдам берадиган ажойиб нашрлар мавжуд. Ишончим комилки, бу китоблар ҳар бир ёшнинг ўз маданият илдизларига яқинлашиши, билимини бойитишига ёрдам беради, уларда аждодларимиз бизга қолдирган мерос билан фахрланиш туйғусини уйғотади”, – дейди Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Одилжон Каримович Эминов. 

Лойиҳа фаолияти натижаси ўлароқ, Ўзбекистоннинг 2000 дан ортиқ меъморий ёдгорликларидаги ёзувлар таржима қилинди. Улар орасида шеърлар ва шеърий иборалар, насиҳатлар, эзгу тилаклар ва ҳикматли сўзлар, устоз ва хаттотлар исм-шарифлари, диний ва бағишлов битиклари, тарихий воқеалар хронограммаси ва ҳукмдорлар фармонлари мавжуд. Мутахассислар эпиграфик материалларнинг улкан миқдорини топиб, ўрганиб, маъносини чақибгина қолмай, туркий, араб ва форс тилларидаги битикларнинг дастлабки ўқилиши ва таржималарини ҳам тўғрилаб, бойитишди.

Таклиф этилган меҳмонлар орасида санаб ўтилган китоб-альбомлар муаллифлари – Бахтиёр Бобожонов, Елизавета Некрасова, Файзхўжа Маҳмудов, Санжар Ғуломов, Бобур Аминов, Салима Эшонова ва бошқалар ҳам бор эди.

– Бугунги байрамолди кунда лойиҳанинг ижодий жамоаси номидан айтишимиз мумкинки, Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ташаббусини амалга ошира олганимиздан хурсандмиз. Лойиҳани ташкилий ва молиявий қўллаб-қувватлагани учун Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорчилик билдирамиз, айнан шу туфайли китобларнинг 20 жилди Ўзбекистондаги ҳар бир таълим муассасасига топширилади. Ушбу кенг кўламли тадқиқотда иштирок этган барча олимларга ташаккур изҳор этамиз. Уларнинг меҳнати, изланишлари туфайли Ўзбекистон тарихида биринчи марта барча ёдгорликлардаги битикларни ўқишга эришилди. Таъкидлаб ўтиш лозимки, ушбу лойиҳанинг ўхшаши йўқ ва у Янги Ўзбекистонда маданий меросни асраб-авайлаш ва юксалтириш масалаларига ёндашувни ёрқин намоён этади, – деди лойиҳа муаллифи, WOSCU бошқаруви раиси доктор Фирдавс Абдухолиқов.

Тадбирда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) фаолиятига бағишланган ҳужжатли фильм ҳамда “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” ҳужжатли фильми намойиш этилди.

Медиа-ивент Ўзбекистон вазирликлари, идоралари ва ташкилотларига – жами 100 дан ортиқ ташкилот вакилларига “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” туркумидаги 20 жилдлик китоб-альбомларни бепул олиш учун сертификатларни тантанали топшириш маросими билан якунланди.