Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) ҳамкорлигида «Буюк аждодлар мероси – III Ренесса
23-26 август кунлари Тошкент ва Самарқанддаги Silk Road Samarkand туристик марказида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) ҳамкорлигида «Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс пойдевори» VIII Халқаро Конгресси мавзусида тадбир бўлиб ўтади.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси ҳукумати, ERIELL GROUP нефть-сервис компанияси ташкилий ва молиявий кўмагида, шунингдек, ТУРКСОЙ, ИРСИКА, «Ал-Фурқон» жамғармаси ҳамкорлигида ўтказилади.
VIII Конгрессдаги асосий мавзулардан бири Ислом цивилизацияси ва Имом Бухорий музейларининг контенти бўлади. Бу қарор жорий йил июлида Ислом цивилизацияси маркази томонидан ташкил этилган «Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс пойдевори» форуми давомида 600 нафар маҳаллий олимлар иштирокида қабул қилинган эди.
Конгрессда 35 та давлатдан 300 га яқин дунёга машҳур олимлар иштирок этади. Улар орасида 180 нафар хорижий ва 110 нафар ўзбек мутахассислари, жумладан, 15 академик, 40 профессор ва доцентлар, 103 фан доктори, 54 музей ва кутубхона директорлари, 5 та университет ректори, 5 та ноширлик уйи директорлари, ИРСИКА, АЙСЕСКО, ТУРКСОЙ, «Ал-Фурқон» жамғармаси раҳбарлари, Халқаро Турк академияси, Араб давлатлари Лигаси ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этади. Шунингдек, CNN, Euronews, «Россия-Культура», «Мир», «Россия-24» ва Марказий Осиё давлатлари телеканаллари каби 20 та хорижий ОАВ журналистлари таклиф қилинган.
Конгрессга тайёргарлик доирасида 22 август куни ТУРКСОЙ халқаро туркий маданият ташкилоти
бош котиби Султон Раевнинг ўзбек тилидаги «Танланган асарлар» янги китоби тақдимоти ва VIII WOSCU Конгрессига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтади. Тадбирда тадбир ташкилотчилари ва ОАВ вакиллари иштирок этади.
Конгресс очилиши олдидан 23 август куни Ислом цивилизацияси марказига саёҳат ташкил
этилади ва қурилиш ишларининг бориши ҳақида ҳужжатли фильм намойиш этилади. «Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази» лойиҳаси тақдимоти ўтказилади ва лойиҳалар кўргазмаси ҳамда марказнинг кўргазма макети билан танишув бўлиб ўтади.
Тушдан кейин иштирокчилар Самарқандга йўл олади ва у ерда Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасига ташриф буюради ҳамда Eriell Group компанияси томонидан VIII Халқаро Конгресс очилишига бағишланган қабул маросимида иштирок этади.
24 август куни Конгресснинг очилиш маросими бўлиб ўтади. У биринчи марта тарихда Silk
Road Samarkand мажмуасининг Конгресс-Холл залларида ўтказилади. Бу тадбир олимлар ишига катта туртки бериши ва Конгресс иштирокчилари учун ёдда қоларли тажриба бўлиши шубҳасиз.
Расмийларнинг қутлов сўзларидан кейин ялпи йиғилиш бошланади, унда Ислом цивилизацияси маркази ва хорижий дизайнерлар ўз лойиҳалари ва концепцияларини тақдим этадилар. Музейлар ва Имом Бухорий марказининг кўргазмалари концепциялари илмий ходимлар томонидан тақдим этилади. Миллий мутахассислар ҳамкорликдаги лойиҳаларни, жумладан, Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий музейининг кўргазмалари бўйича видеороликларни тақдим этадилар.
Ялпи йиғилиш якунлангач, экспертлар еттита шўъбага бўлиниб, Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий музейларининг экспозициялари бўйича тақдим қилинган лойиҳаларни муҳокама қилишни бошлайдилар. Олимлар ўзларининг ноёб маърузалари билан чиқиш қиладилар. Шунингдек, АҚШ ва Россиядан келган мутахассислар иштирокида Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий музейи учун замонавий технологиялар лойиҳаларининг тақдимоти бўлиб ўтади. Еттита шўъба бўйича муҳокамалар ва маърузалар якунлари бўйича музей заллари экспозициялари учун таклиф этилган лойиҳалар тасдиқланади.
Параллель равишда Diamond Ballroom залда ТЮРКСОЙ форуми бўлиб ўтади, унда туркий тилли мамлакатларнинг кино саноати вакиллари ҳам иштирок этадилар. Кино лойиҳаларнинг тақдимотлари ўтказилади.
Конгресснинг учинчи иш куни, 25 августда «Ўзбекистон маданий мероси», «Ўзбекистон
Қуръонлари» туркумидаги Бутунжаҳон жамиятининг асосий лойиҳалари ва қўлёзмаларнинг факсимиль тақдимотлари бўлиб ўтади. Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий музейлари учун инновацион лойиҳаларнинг янги нашрлари тақдимоти ўтказилади.
Параллель равишда ТЮРКСОЙ халқаро маданий ташкилотининг форуми давом этади, унинг якунлари бўйича меморандумлар имзоланади ва «Янги Ренессанс: кино ва медиа маданий мерос кўмагида» мавзусидаги форум резолюцияси қабул қилинади.
Конгресснинг сўнгги иш куни, 26 августда, Саммит натижалари сарҳисоб қилинади, Ислом
цивилизацияси маркази ҳамкорлик лойиҳаларининг Йўл харитаси ва марказнинг Халқаро эксперт кенгаши таркиби тасдиқланади, Бутунжаҳон жамиятининг «Олтин китоб» халқаро мукофоти ўз эгаларига топширилади ва VIII Халқаро Конгресс иштирокчиларининг Ўзбекистон Республикаси Президентига анъанавий мурожаати қабул қилинади. Кун якунида иштирокчилар машҳур «Шарқ тароналари» халқаро фестивали тантанали очилиш маросимида қатнашадилар.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти томонидан шу йилнинг 23-26 август кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ташкил этилаётган «Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс пойдевори» VIII Халқаро Конгрессида дунёнинг 35 давлатидан 300 га яқин олим ва экспертлар – шундан 180 нафари хорижликлар, 110 нафари ўзбекистонлик олимлар қатнашиш кутилмоқда. Улар орасида 15 нафари академик, 103 нафари фан доктори, 40 нафари профессор, 54 нафар кутубхона ва музей директорлари, хорижий мамлакатлардаги 5 та фанлар академияси президентлари ва вице-президентлари, 6 та олий ўқув юрти ректори, 5 та нашриёт уйи директорлари ҳамда ЮНЕСКО, ИРСИКА, АЙСЕСКО, ТУРКСОЙ, «Ал-Фурқон» фонди, Халқаро Туркий академия раҳбарлари, Араб давлатлари Лигаси ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этади. Шунингдек, 20 та хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари, жумладан, Си-Эн-Эн, Евроньюс, «Россия-Культура», «Мир», «Россия-24», Марказий Осиё давлатлари телеканаллари журналистлари таклиф этилган.