Ўзбекистонга Каъба пардаси, Равза ёпинчиғи келтирилди

18-май — Халқаро музейлар куни муносабати билан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ислом цивилизацияси тарихи ва муқаддас масканлар билан боғлиқ ноёб артефактларнинг махсус кўргазма-тақдимоти бўлиб ўтди, дея хабар берди Марказ ахборот хизмати.


Тадбирнинг энг муҳим жиҳатларидан бири — Президент Шавкат Мирзиёев топшириғи асосида Лондондан Ўзбекистонга олиб келинган ноёб артефактларнинг журналистлар ва жамоатчилик вакиллари иштирокида махсус тарзда очилгани бўлди. 

"Давлатимиз раҳбари маданий меросни излаш ва қайтариш бўйича махсус илмий экспедициялар ҳамда фондлар ташкил этиш вазифасини қўйган эди. Бугун бу топшириқлар амалда ўз ифодасини топмоқда. Хусусан, ЕХҲТ ва Лондон полицияси ҳамкорлигида ўтказилган махсус рейд давомида маданий бойликлар аниқланиб, уларнинг бир қисми Ўзбекистонга қайтарилди. Бу воқеа нафақат мамлакатимиз, балки халқаро маданий меросни муҳофаза қилиш соҳасида ҳам муҳим воқеа сифатида баҳоланмоқда. Бугун эса Ислом дини ва муқаддас қадриятларимизга оид яна бир қатор ноёб ёдгорликлар — Кисва парчалари, муқаддас буюмлар ва тарихий ашёлар юртимизга олиб келинди. Қурбон ҳайити арафасида халқимизга тақдим этилаётган бу бебаҳо туҳфалар юртдошларимиз учун катта маънавий аҳамият касб этмоқда", - деди Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов.

Кўргазмада намойиш этилаётган ХИХ асрга оид муқаддас Каъба эшигининг металл иплар билан тикилган пардаси — “Бурқа” марказий экспонатлардан бирига айланди. 1880-йилга мансуб ушбу ёдгорлик муқаддас Каъба эшигини безаб турган тарихий ёпинчиқ сифатида аҳамиятли. Шунингдек, ХIХ аср охири — ХХ аср бошларига оид Каъба кисвасининг бир қисми — “Хизом”, Мадинаи Мунавварадаги Равза мақбараси ёпинчиғи — “Равза” ҳам жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинди. 
 

Экспозициянинг яна бир муҳим қисми сифатида Каъбанинг шимолий қисми томига ўрнатилган зарҳал сув оқизгич — “Мизоб ар-Раҳмон” тақдим этилди. Шу билан бирга, “Муҳаммад” ва “Аллоҳ” ёзувлари туширилган бадиий паннолар, ноёб дуо китоби ҳам кўргазмадан ўрин олди.