“Ўзбекистонга оид нодир қўлёзмалар жаҳон тўпламларида” лойиҳаси: 20 дан зиёд давлатга экспедиция уюштирилди
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан “Ўзбекистонга оид нодир қўлёзмалар жаҳон тўпламларида” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа халқимизнинг маънавий бойликларини, илмий меросини тиклаш, ёш авлодни миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, шунингдек, жаҳон жамоатчилигига ўзбек цивилизациясининг улкан ҳиссасини намоён этишга қаратилган.
Буюк алломаларимиз томонидан яратилган нодир қўлёзма асарлар бугунда дунёнинг турли бурчакларидаги музейлар, кутубхоналар ва шахсий коллекцияларда сақланиб келмоқда. Улар орасида Мирзо Улуғбек даврида кўчирилган “Сувар ал-Кавокиб” қўлёзмаси, Абу Али ибн Синонинг “Тиб қонунлари” қўлёзмаси кабилар бор.
Лойиҳа доирасида Буюк Британия, Франция, Ҳиндистон, Туркия, Россия, АҚШ, Германия, Эрон, Миср, Италия, Ирландия каби дунёнинг 20 дан зиёд давлатида илмий тадқиқот экспедициялари ташкил этилди. Экспедициялар давомида кўплаб кутубхона, музей ва илмий марказлар билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди, факсимиле нусхаларни юртимизга олиб келиш бўйича келишувлар имзоланди.
Айни вақтга қадар “Катта Лангар Қуръони”, Мир Ҳайдар Хоразмийнинг “Меърожнома”си, Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома”си, Ҳусайн Бойқаронинг “Девон”и, “Темур тузуклари”, Мирҳонднинг “Равзатус-сафо”си каби нодир асарларнинг факсимиль нусхалари тайёрланиб, юртимиздаги илмий муассасаларга тақдим этилди.
Мазкур лойиҳа нафақат тарихий ҳужжатларни қайтариш, балки уларни илмий тадқиқ этиш, таржима қилиш, электрон базалар яратиш ва кенг оммага тақдим этишда ҳам муҳим ўрин тутаяпти. Шу билан бирга, лойиҳа доирасида китоб-альбомлар тайёрланмоқда.
Илмий меросимиз қаерда?
Францияда
Париждаги Француз Миллий Кутубхонасида Мирзо Улуғбек даврида кўчирилган “Сувар ал-Кавокиб” қўлёзмаси мавжуд бўлиб, унинг саҳифаларида буржлар ва юлдузлар жадвали ҳамда Мирзо Улуғбекнинг портрети ўрин олган. Шунингдек, шу кутубхонада Абу Али ибн Синонинг “Тиб қонунлари” қўлёзмаси ҳам сақланади. Бу асар XII асрда лотин тилига таржима қилинган ва кейинчалик бутун Европага тарқалган. Ундан бири АҚШдаги Йель тиббий-тарихий кутубхонасида ҳам учрайди.
Россияда
“Тиб қонунлари”нинг илк қўлёзмаларидан бири Россия фанлар академиясининг Шарқ қўлёзмалари институтида сақланади. Бу ноёб асарни Жан Жак Руссонинг жияни Жан Батист Луи Руссо Яқин Шарқдан олиб келган ва 1819 йили Россия император фанлар академиясига совға қилган. АҚШ Миллий тиббиёт кутубхонасида ҳам ушбу асарнинг бетакрор нусхалари сақланади.
Италияда
Италиянинг Болонья университет кутубхонасида “Тиб қонунлари”нинг иврит тилидаги иккита таржимасини ҳам кўриш мумкин. Бу китоб XV асрнинг биринчи ярмида Италияда чоп этилган ва турли суратлар билан безатилган.
Буюк Британияда
Оксфорд (Буюк Британия)даги Бодлеан кутубхонасида ал-Хоразмийнинг “Мухтасар мин ҳисоб ал-жабр ва-ал-муқобала” асари сақланаётган бўлиб, бу асар замонавий алгебра фани учун асос ҳисобланади. Шу кутубхонада Мирзо Улуғбекнинг астрономия мактаби намунаси бўлган “Зижи Жадиди Кўрагоний” номли асарининг нодир нусхаси ҳам сақланади. Бу қўлёзма тахминан 1473 йилда Мирзо Улуғбекнинг суюкли шогирди Али Қушчи томонидан Истанбулга олиб келинган ва 1638 йилда инглиз олим Жон Грейвз томонидан Англияга олиб кетилган. Қўлёзмада ушбу олимнинг шахсий дастхатлари ҳам мавжуд.
Хулоса қилиб айтганда, “Ўзбекистонга оид нодир қўлёзмалар жаҳон тўпламларида” лойиҳаси маданий меросимизни тиклаш, сақлаш ва дунё миқёсида тарғиб этиш йўлида қўйилган муҳим ва келажакка қаратувчи қадамлардан биридир.