Ўзбекларнинг турмуш манзаралари рус рассомлари нигоҳида

1920 йилларда Ўзбекистон тасвирий санъат миллий мактаби шаклланди. Тошкент, Самарқанд, Андижонда бадиий студиялар очилди. Бу даврда Россиядан кўплаб рассомларнинг Ўзбекистонга келиб, шу ерда иккинчи ватанини топгани, ижодкор шахс сифатида шаклланиб, ўзига хос тасвирий санъат мактаби шаклланишига ҳисса қўшганлигини кузатиш мумкин.

А.Волков, А.Николаев (Усто Мўмин), Н.Карахан, Н.Кашина, В.Еремян, А.Бенков ва бошқалар пейзаж, натюрморт, мистик композициялар мавзусида самарали ижод қилди. Улар меҳнат мавзусидан илҳомланиб, асарларида шаҳар ва қишлоқ меҳнаткашларини тасвирлади.

1930 йилда Самарқандга кўчиб келган Павел Беньковни Ўрта Осиёнинг ёрқин ранглари ва қуёши шунчаки асир этмаган эди, балки рассом бу оламни катта қизиқиш билан ўрганди. Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилди, Бухоро ва Хивада кўп бўлди. Суратларига чарақлаган қуёш ёруғлиги контрастини беришга интилди. Асарларидаги мавзу кенг ва долзарб: мўл-кўр шарқона бозорлар, ўзбек чойхоналари, кўчалар... Уларда миллий калорит яққол акс этган. Илк асосий ишларидан бири “Хивалик қиз” сурати.

Россиядан келган рассомлар қатори ўзбек тупроғида туғилган рус рассомлари ҳам самарали ижод қилган. Улардан бири Фарғонада таваллуд топган Александр Волковдир. Шоир Сергей Есенин уни “Шарқ бўёқлари устаси” деб атаган.

Волков ўзини ўзбек халқи ва маданияти билан чамбарчас боғлиқ деб ҳис қилган. Ҳар бир асарида хоҳ у тўй, пахта йиғими, қурилиш каби воқеаларга бағишланган катта пололтно бўлсин, хоҳ кўҳна Тошкент, Бухоро, хива, Шоҳимардон кўчаларидаги турмуш манзараси акс этган кичик этюд бўлсин, шу юртга бўлган муҳаббати уфуриб туради.

Николай Караханнинг ўзбеклар турмуш манзаралари акс этган суратлари эса аниқлиги, миллий калоритнинг декоратив ёрқинлиги ҳамда образларнинг характерлилиги билан ажралиб туради.

Мазкур рассомларнинг суратлари ҳозирда Москвадаги Третьяков давлат галереяси экспозициясидан жой олган.