Айритом фризи: "Самовий мусиқачилар"

Ўзбекистон ҳудудидан топилган дунёга машҳур қадимий санъат намуналари орасида Айритом фризи номини олган археология топилмаси алоҳида аҳамият касб этади. Унда бешта мусиқачининг тасвири туширилган бўлиб, уларнинг ясалган даври ҳақида турлича фикрлар билдирилган. Кўпгина тадқиқотчилар уни эрамизнинг I–II асрларига мансуб, деб ҳисоблайдилар.


Фриз ўзбекистонлик археолог М.Э. Массон томонидан 1932–1933 йилларда топилган. Мармарсимон оҳак қоришмасидан ясалган бу фриз бир пайтлар Термиз яқинида, Амударё қирғоғидаги Айритом шаҳарчасида (Сурхондарё вилояти) будда ибодатхонасини безаб турган. 

С.П. Толстов, Г.А. Пугаченкова ва бошқа олимларнинг фикрича, фризда тасвирланган аёллар маҳаллий Бақтрия этник турига киради. Антик даврга тааллуқли бу санъат асари кенг миқёсда шарқ-юнон маданияти деб номланган турли бадиий анъаналар синтезини ўзида намоён этади. Унда будда фалсафий ғояларига асосланган юнон ва шарқий ҳинд ёки Гандхар маданияти уйғунлашади. 

Буддашунос С.Ф. Олденбургнинг археолог М.Э. Массонга айтган фикрича, беш мусиқачи аёлдан иборат ҳайкалтарошлик композицияси будда таълимотидаги "беш буюк овоз" (панча махашабда)ни билдиради. Уларни кўпинча "самовий мусиқачилар" деб ҳам аталади. 

Айритом фризи топилганидан бир неча йил ўтиб, Ўзбекистон ССР ҳукумати уни Эрмитажга ҳадя қилган.