Анри Матисс ўзбек матоларини кўрганми?

Абрли матолар миллийликдан холи ва транс-маданий ҳодиса бўлган. Европаликлар Туркистонга келгач, умрбод шу матолар шайдоси бўлиб қолаверишган. Уларни коллекция сифатида тўплаш даври шу тариқа бошланган. Ушбу матолар жозибадорлиги уларнинг оммавий равишда чет элга олиб чиқилишига йўл очди, оқибатда бугун дунёнинг хусусий ва музей тўпламлари машҳур коллекцияларга эга бўлди.

Санъатшунослар таъкидлаётганидек, ўзининг дизайни ва жозибадорлигига кўра жуда антиқа бўлган бу ипак ранглари ХХ аср бошларида европалик модернчи-рассомлар ахтарган жилонинг кутилганидан зиёда топилмасидир:

"Ўрта аср усталарининг тўқимачилик борасидаги ижодлари ХХ асрнинг кўплаб рассомлари учун илоҳий башорат маҳсулидек бўлди.

Америкалик коллекционерлар эр-хотин Мерлин ва Маршалл Вулфлар тўпламидаги серҳашам абрли-бахмал чопонларга қарар экансиз, француз рассоми Анри Матисс асарларини эсламасликнинг иложи йўқ.

1906 йилда биринчи марта Жазоирга келган Матисс у ерда кўрган муҳташам шарқ матоларининг ёрқин ранглари гўёки унинг асарларига кўчиб ўтаётгандек эди. Бир йил ўтгач, у яна шу мамлакатга, сўнгра Марокашга (1911, 1913) ташриф буюради. Бундан ташқари, 1910 йилда Мюнхенда бўлиб ўтган Ислом санъати кўргазмаси ҳам Матисснинг эътиборидан четда қолмади. У айни ўзбек матоларини кўра олганмикин? Бу саволга жавоб тамоман ижобий бўлиши мумкин.

Биринчидан, ўша пайтда ўзбек матолари, кашта ва гиламлари Европада бўлгани сингари, Шимолий Африкада ҳам мавжуд эди.

Иккинчидан, унинг баъзи суратлари, хусусан, "Ҳаёт қувончлари" (1906) картинасидаги ранглар уйғунлиги, Вулфлар оиласи тўпламидаги чопонлардан бирида бўлгани каби Бухоро бахмалларидаги ранглар бирикмасига амалда тўлиқ мос келишини кўрсатади.