Шарқ санъатида ҳар қандай композиция олам нусхаси сифатида кўрилган. Турунжнинг ўзи ягона Аллоҳга ишора бўлса, унинг лачак деб аталувчи чоракларининг бурчакларда қайта такрорланиши Холиқ яратган Оламнинг чексизлиги ифодаси саналган.
Турунж сўзма-сўз таржима қилганда норанж (ёввойи апельсин) деган маънони англатади. Бу мева Жануби-Шарқий Осиё ва Шимолий-Ғарбий Ҳиндистонда жуда мўл-кўл бўлган. Эронда норанж мевалари солинган патнислар хонанинг ички безаги сифатида ишлатилган ва у шифтга қандил ўрнида осиб қўйилган.
Шарқнинг илоҳиётга оид асарларида ва мумтоз шеъриятида турунж ёки торанзи зарин (олтин турунж) ўзининг чиройли тўқ сариқ ранги туфайли ёруғлик манбаи, Қуёш тимсоли сифатида ҳам қўлланила бошлаган.
Ўз навбатида, лачак сўзининг тўғридан-тўғри маъноси учбурчак шаклидаги рўмол бўлиб, у аёллар юзининг атрофини ўраб турган. Айнан шу тарзда, чоракталиклар ҳам, тасвирини чизиш тақиқланган худонинг юзи ўлароқ, турунжни ўраб турган.
Ислом анъаналарига кўра, олам манзарасини акс эттирувчи лачак-турунж композицияси қўлёзма китобларнинг жилдлари ва варақларининг нақшинкор безакларида Х–ХII асрлардан бошлаб пайдо бўла бошлаган. Кейинчалик у меъморий безак санъатида, тўқимачилик ва бошқа соҳаларда кенг тарқалган.